БМТ Афғонистоннинг барча вилоятларида ИШИД гуруҳлари фаолият юритаётганини маълум қилади

17 ноябрдаги ИШИД ҳужуми асорати. Facebookдаги Aamaj News саҳифаси фотосурати

«Ислом давлати»нинг* Афғонистондаги «Вилояти Хуросон»* (ИШИД-Хуросон) филиали ҳозирда кенгайиб, мамлакатнинг 34 та вилоятида фаолият юритмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс (Deborah Lyons) ташкилотнинг Хавфсизлик кенгашида маълум қилди, деб хабар беради Reuters.

«Бир пайтлар пойтахт ва баъзи бир вилоятларда мавжуд бўлган ИШИД-Хуросон бугунги кунда Афғонистоннинг барча вилоятларида бор ва у фаоллашиб бормоқда. Бу ҳолатга халқаро ҳамжамият эътибор қаратмоғи лозим», — деди Лайонс. У 2020 йили террорчилар томонидан 60 марта ҳужум уюштирилган бўлса, бу кўрсатгич бу йили 334 тага етганини қўшимча қилди.

Лайонсга кўра, «Толибон»* Ишид-Хуросон кенгайишини тўхтатиб қололмайди. Толиблар ҳаракати ИШИДга алоқадорликда гумон қилинган одамларни суд қарорисиз ҳибсга олиш ва қатл қилиш билан чекланмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлиси 17 ноябрь куни Қобулда ИШИД томонидан содир этилган иккита портлашдан бир неча соат ўтгандан сўнг бўлиб ўтди. Толибон мулозимларига кўра, иккита автомобиль портлатилгани оқибатида бир инсон ўлган, олтитаси яраланган (бошқа манба 10 киши ўлганини маълум қилади).

БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили толиблар август ойида ҳукуматни қўлга киритганларидан сўнг «ҳукумат сифатида иш юритишда чин дилдан ҳаракат қилаётганлари»га урғу беради. Бироқ, БМТ миссияси аввалги ҳукумат мулозимлари, хавфсизлик органи ходимлари уйларининг тинтув қилинаётгани, суд ҳукмисиз одамларнинг қатл қилинаётганига доир хабарлар тез-тез келиб туришини билдиради. Бундан ташқари, толиблар қизларнинг таълим олишини чекламоқдалар, аёлларнинг уйдан ташқарида ишлашига қаршилик қилмоқдалар. Улар аёлларнинг давлат органларида ишлашига мутлоқ қаршидирлар.

Шу билан бирга Лайонс Афғонистонга гуманитар ёрдамларни етказиб бериш учун толиблар билан мулоқот қилишга чақиради. У мамлакатда иқтисод таназзулга учрагани ва одамларда пул йўқлиги боис аҳоли гуманитар кризис жар ёқасига келиб қолганидан огоҳлантиради ва халқаро ҳамжамиятни тиббиёт ходимларига, ўқитувчиларга ва гуманитар миссия ходимларига молиявий кўмак беришга чақиради.

«Бундай чоралар афғонлар учун яхши келажак инъом этишини кафолатлай олмаймиз, лекин бусиз аҳвол янада тубанлашини аниқ айта оламиз», — деди Лайонс.

У ҳозирда ҳукм сурган вазият одамларда эксремистик кайфиятни оширишини, иш ҳақи йўқлиги террорчилик, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар контрабандаси ривожини рағбатлантиришини айтади. Бу эса нафақат минтақа, балки дунё хавфсизлигига путур етказади.

Бундан олдин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ бўлажак қиш мавсуми сабаб 40 миллионли Афғонистон аҳолисининг 23 миллиони очарчилик домида қолишини, 1 миллион афғон болакайлари тўйиб овқат емасликдан нобуд бўлишини таъкидлаганди.

*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилотлар (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ