БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ афғон ўқитувчиларига тўғридан-тўғри меҳнат ҳақи тўлаш тизимини яратиш режасини қилган. Халқаро ҳамжамият «Толибон»* тузган ҳукуматни молиялаштиришни музлатган бир пайтда, Болалар жамғармаси мана шундай йўлни маъқул деб билади. Бу ҳақда Reuters ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги маориф бўлими раҳбари Жаннет Вогелаар (Jeannette Vogelaar) хатига таянган ҳолда хабар беради.
«ЮНИСЕФ амалдаги (толиблар тузган) ҳукуматни четлаб ўтган ҳолда ўқитувчиларга тўғридан-тўғри ойлик маош тўлаш бўйича тизим яратади», — дейди Вогелаар агентликка юборган электрон мактубида.
Унинг сўзларига кўра, ойлик маош тўлаш доирасида давлат мактабларидаги барча ўқитувчилар рўйхатга олинади.
«Афғонистонда қизларнинг таълим олишини қўллашнинг янг яхши йўли — улар ўқиётган мактаб ва ўқитувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашдир. ЮНИСЕФ донорларни афғон болакайларини ўз ҳолига ташлаб қўймасликка чақиради», — дейди Вогелаар.
15 августда «Толибон» Афғонистонда ҳукуматни қўлга олганидан сўнг тиббиёт ва маориф билан боғлиқ давлат муассасалари танг аҳволга тушиб қолган.
Кўплаб хориж ҳукуматлари гуманитар ёрдамдан ташқари Афғонистонга молиявий кўмак беришни тақиқлаб қўйган. Одатда, чет эл давлатлари буғдой, кўрпа-тўшак каби эҳтиёж молларини тезкор юбориш билан чекланади. Оқибатда давлат хизмати ходимлари, жумладан ўқитувчилар ойлаб меҳнат ҳақларини ололмайдилар. Афғон ҳукуматига тегишли миллиардлаб АҚШ доллари кўплаб давлатларда террорчи деб тан олинган «Толибон»нинг қўлига тушмаслиги учун музлатиб қўйилган.
Ўз навбатида толиблар ҳукуматни қўлга киритгандан сўнг қизларнинг таълим олишини сезиларли даражада чеклаб қўйди. Кўплаб вилоятларда қизлар мактаблари беркитиб қўйилган, гарчи болалар учун мактаблар ўз фаолиятини давом эттираётган бўлсада. Ҳозирда барча ёшдаги қизлар 34 та вилоятнинг фақат тўрттасидагина (Балх, Қундуз, Сари-Пул ва Бамиан) мактабда ўқиш имконияти эга. Шунингдек, университетларга кирмоқчи бўлган қизлар ҳам чекловларга дуч келмоқдалар.
Афғонистоннинг кўплаб йирик шаҳарларида афғон аёллари тез-тез ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилаётгани, қизлар мактабларининг ёпилаётганига қарши норозилик намойишларини уюштирадилар. Одатда жангарилар бундай намойишларга салбий муносабатда бўладилар. Улар хатто бундай акцияларни ёритаётган журналистларни дўппослашмоқдалар ҳам.
· «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).