Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* ҳаракати вақтинча афғон қироли Муҳаммад Зоҳиршоҳ давридаги конституциясидан фойдаланади. Бу ҳақда 28 сентябрь куни Etilaat Roz нашри толиблар ҳукуматининг Адлия вазири Абдул Ҳаким Шариага таяниб хабар беради.
Вазирнинг сўзларига кўра, шариат қонунларига зид моддалар бундан мустаснодир.
Бироқ, толиблар фойдаланиш учун конституциясининг қайси версиясини қабул қилганларини очиқламадилар.
Муҳаммад Зоҳиршоҳ 1933 йилдан 1973 йилга қадар мамлакатни бошқарган. 1964 йилга қадар Муҳамаад Зоҳиршоҳ даврида қабул қилинган 1931 йилги асосий қонун кучда бўлган. Унда эркаклардан иборат икки палатали парламент ташкил этиш кўрсатилган бўлиб, айрим чекловлар билан ҳокимият жилови фақат шоҳда бўлган. Конституцияда аёллар ҳуқуқлари мутлоқ тилга олинмаган. Умуман олганда, 1931 йили қабул қилинган Конституция салбий баҳоланган.
Мамлакатда жорий этилган ислоҳотлар натижасида янги конституция 1964 йили қабул қилинади. Унда Афғонистондаги бошқарув конституциявий монархия бўлиб, пушту ва дари расмий тил деб қабул қилинган. Асосий қонунда илк бор сиёсий партияларни тузишга рухсат берилади. Парламент шаклланишида сайловларга ён босилган, у ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган.
Конституцияда аёллар ҳақ-ҳуқуқларига ўрин берилган. Масалан, улар паранжи ёпинмаслик ҳуқуқига эга бўлганлар. 1931 йилга қараганда янги конституция демократик тенденциялар ва сиёсий ислоҳотлар билан ажралиб турган.
1973 йили Зоҳиршоҳ тахтдан қулатилгандан кейин монархияга чек қўйилади, мамлакат республикага айланади. Амалдаги асосий қонун бекор қилинади ва уч йилдан сўнг янги конституция қабал қилинади. Янги конституцияга мувофиқ республикани президент бошқаради.
2001 йили толиблар Афғонистонни эгаллаганидан сўнг 1964 йилги конституция вақтинча жорий этилди. 2004 йили Афғонистонда янги конституция қабул қилинди ва у 2021 йил август ойига қадар, яъни «Толибон» мамлакатни иккинчи бор эгаллагунга қадар амалда бўлди.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).