Тимур Бекмамбетов ёш киноижодкорлар учун маҳорат дарслари ўтказади

Тимур Бекмамбетов . Тимур Бекмамбетов . Тhefilmstage.com сайти фотосурати

Машҳур кинорежиссёр Тимур Бекмамбетов «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали доирасида ёш кинематографлар учун маҳорат дарслари ўтказади.

Бекмамбетов халқаро кинофестивалда фахрий меҳмон бўлади. Маҳорат дарсларидан ташқари режиссёр кино намойишларини ўтказиб, турли дастурларда қатнашади.

Кинофорум доирасида режиссёр ўзи иштирок этган картиналарни тақдим этади. Бу «Девятаев», «Конек-Горбунок», «Майор Гром» ва бошқа фильмлардир.

Тимур Бекмамбетов — россиялик кинорежиссёр, сценарист, продюсер, клипмейкер ҳисобланади. У Bazelevs кинокомпаниясига асос солган. Бекмамбетов 1961 йили Қозоғистонда туғилган, 1987 йили Тошкент театр ва рассомлик институтини «театр ва кино рассоми» мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейинчалик у Москвага кўчиб боради ва у ерда дастлаб реклама роликларини, кейинчалик бадиий фильмларни суратга олади. «Ночной Дозор» («Тунги соқчи») ва «Дневной Дозор» («Кундузги соқчи») фильмлари уни шуҳрат чўққисига кўтарди. 2005 йили кинорежиссёр Голливудга ташкиф этилади ва у Fox кинокомпаниясининг қатор лойиҳаларида иштирок этади.

Шунингдек, Россия киноси кунлари доирасида сценарист ва режиссёр Юсуп Розиқов, актёр Павел Прилучний, Жанна Бекмамбетова (режиссёрнинг қизи) ва бошқа кино усталари билан учрашувлар бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача), ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди. Кинофорум 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади.