Молиявий танглик туфайли афғон газеталари босма форматдан воз кечмоқда

TOLOnews сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимият тепасига келгандан сўнг юзага келган молиявий танглик туфайли Афғонистонда 150 га яқин газеталар қоғоз шаклида чоп этилмайдиган бўлди. Уларнинг кўпчилиги янгиликларни интернетда чоп этишмоқда, айримлари эса фаолиятини тўхтатган. Бу ҳақда TOLOnews телеканали Афғонистон журналистлари миллий уюшмасига асосланиб хабар беради.

«Мамлакатда босма ОАВ ўз фаолиятини тўхтатди. Бу кетишда жамият бўҳронга учрайди», — дейди уюшма директори Аҳмад Шоайб Фана.

«Ҳар куни Қобул ва айрим вилоятларда 15 минг нусхада газеталар чоп этилиб, тарқатилаётганди. Ҳукумат ағдарилганидан сўнг бу жараён барҳам топди», — дейди «8 Собх» газетаси редактори ўрин босари Ашак Али Эхсас (Ashaq Ali Ehsas).

Афғонистонда машҳур бўлган «Арман Мили» газетаси ҳам ўз фаолиятини тўхтатди. Газета муассиси Сайид Шоайб Парса (Sayed Shoaib Parsa)нинг таъкидлашича, «Арман Мили» да 22 нафар ходим ишлаган, уларнинг барчаси ишдан бўшатилган. «Биз мамлакатда вазият барқарорлашини ва меҳнат фаолиятимизни яна тиклашни кутяпмиз», — дейди Парса.

Толиблар иқрорга келганидан сўнг Афғонистондаги иқтисодий вазият анча таранглашган. «Толибон» тузган ҳукумат билан халқаро молия институтлари ҳамкорлик қилишдан бош тортмоқда, дунёнинг бирорта давлати янги ҳукуматни ҳозирча тан олгани йўқ. 2020 йил маълумотларига кўра, Афғонистон бюджетининг 42,9% чет эл донорлари ҳисобига шаклланган. Ҳозирда кўпгина донор мамлакатлар ўз лойиҳаларини йиғиштириб қўйганлар.

Ижтимоий тармоқларда афғонистонликлар тирикчиликка маблағ етмаётганидан интернет хизматидан воз кечишга мажбур бўлаётганларини ёзадилар. Шундай қилиб, афғонлар онлайн-форматга ўтган матбуотдан ҳам маҳрум бўлмоқдалар.

Бундан ташқари, толиблар аёлларнинг ишлашига тўсиқлик қилмоқдалар. Пойтахт Қобулда аёллар меҳнат қилган кўпгина корхоналар толиблар босими туфайли ёпилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ