Президент сайловига европалик экспертлар кузатувчи сифатида таклиф қилинди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси бўлажак президент сайловида кузатувчи мақомида иштирок этиши учун ЕХҲТ Парламент ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига (ДИИҲБ) расмий таклифнома юборди. Бу ҳақда 28 июль куни МСК ўзининг Telegram-каналида хабар қилади.

Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ/ДИИБҲ делегацияси май ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, бўлажак президент сайловини 10-15 экспертлардан иборат асосий гуруҳлар, 28 та узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар иштирокида мониторинг қилиш борасида тавсиялар берганини эслатиб ўтди. «Сайловларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш муҳим эканини ҳисобга олиб, ЕХҲТ ПА ва ДИИБҲ қатори МДҲ, ШҲТ, МДҲ Парламентлар ассамблеяси ва бошқа ташкилотларга таклифномалар юборилади», — дейилади МСК хабарида.

Ўзбекистон президентлигига сайлов шу йилнинг 24 октябрига белгиланган. Сайловолди кампанияси 23 июлдан старт олди. Қонун бўйича рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эгадир. Ҳозирда Ўзбекистонда бешта сиёсий партия фаолият юритади — Ўзбекистон Халқ демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси, Ўзбекистон Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеп) ва Ўзбекистон Экология партияси.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига биноан президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Марказий сайлов комиссияси сайловларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга 300 млрд сўм ($28 млн) маблағ ажратилгани хабар қилди. Бунда ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодга — 3 миллиард 97 миллион сўм ($283 минг) тўғри келади.

Бунга қадар муддатидан аввал Ўзбекистон президентлигига сайлов 2016 йил 4 декабрда, мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг уч ойдан кейин ўтказилганди. Сайлов бир турда бўлиб ўтди ва унда Шавкат Мирзиёев 88,61% овоз билан ғалабани қўлга киритганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди