Тожикистон-Қирғизистон чегарасида отишма содир бўлди. Тожикистонлик чегарачи отиб ўлдирилди, қирғизистонлик чегарачи яраланди, дея хабар беради «Ховар» агентлиги Тожикистон чегара қўшинлари матбуот марказига таянган ҳолда.
Тожикистон томонининг маълумотларига кўра, отишма 6 август куни эрта тонг соат 4 да Исфаранинг Чорқўҳ қишлоқ жамоасининг Лангари Моҳиён маҳалласида ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Эки-Таш деган ҳудудидаги чегарада бошланган. Номаълум шахс Қирғизистон чегара қўшини “Кўктош” чегара заставаси бошлиғи катта лейтенант Шер Кабировни «ТОЗ-8» майда калибрдаги спорт милтиғидан отиб яралаган.
Ўша туннинг ўзида чегара чизиғидан бир километр масофада тожикистонлик 65 ёшли боғбон, Чорқўҳ жамоасининг Сомониён маҳалласида истиқомат қилувчи Воҳид Ваҳҳобов ҳалокатли тарзда яраланган. Тожикистон томони маълумотларига кўра, ўқ қирғизистон томонидан отилган. Ваҳҳобов оёғига олинган яра туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Қирғизистон чегара қўшинлари, дея хабар беради 24.kg, бир нафар қирғизистонлик чегарачининг яраланганини тасдиқлади ҳамда ўқ Тожикистон тарафидан отилгани ҳақида аниқлик киритди. Ўқ ҳарбий хизматчининг қўлига кириб чиқиб кетган, унга медицина ёрдами кўрсатилган, унинг аҳволи қониқарли дея баҳоланмоқда. Қирғизистон чегара қўшинлари томонидан тарқатилган хабарда тожикистонлик қариянинг ўлими ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳозирда икки мамлакат чегарачилари вакилларининг учрашуви ўтказилмоқда. Икки мамлакат расмийлари чегаранинг делимитация ва демаркация қилинмаган участкаларида одатда ер ёки сув талашиши ортидан мунтазам равишда пайдо бўлаётган можароларни босди-босди қилиш билан шуғулланишга мажбур бўлишмоқда.
Май ойида Боткен вилоятининг Чек дея аталувчи ҳудудида кимга тегишлилиги борасида аниқлик киритилмаган, аммо қирғизистонликлар томонидан фойдаланиб келинаётган ер участкаси туфайли вазият таранглашганди. Икки томондан аввалига тош улоқтиришдан бошланган жанжал отишмага айланиб кетди, бунга жавобан тожикистонлик чегарачилар минамётлардан ўт очдилар. Ушбу можародан сўнг Тожикистоннинг Бишкекдаги элчисига норозилик нотаси топширилган эди.
31 май куни қирғизистонлик фуқаролар билан Ўзбекистонга қарашли Сўх эксклави аҳолиси ўртасида жанжал келиб чиқди. Икки мамлакат фуқаролари булоқнинг кимга тегишли эканлиги борасида тортишиб қолдилар. Улар бир-бирларига тош отиб, биноларга ўт қўя бошладилар. Икки томондан ҳам ўнлаб одамлар жабрланди.
Июнь ойида Эки-Таш ҳудудида Тожикистон тарафдан ов милтиғидан отилган ўқ Ўш-Исфана йўлидан машинада кетаётган қирғизистонликни яралади.