Ўзбекистоннинг эпидемиологик жиҳатдан энг ёмон ҳудудлари айтиб ўтилди

Usaid.gov сайти фотосурати

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши нуқтаи назаридан энг муамммоли ҳудудлар белгилаб олинди, уларга мутахассислар ҳамда пенсияга чиққан шифокорлардан ташкил топган иборат гуруҳлар йўналтирилади. Ушбу масала 28 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рислиги остида ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳал этилди.

Охирги беш кун ичида республикада инфекция юқтирганлар сони уч мингтага кўпайиб, 21 минг 700 нафарга етди. Жумладан, Тошкент вилоятида 347 та, Қашқадарёда 193 та, Сурхондарёда 130 та, Самарқандда 123 та, Сирдарёда 83 та, Андижонда 79 та янги касалланганлар аниқланган. Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистонда пневмония ҳолатлари анча кўпайган.

COVID-19 инфекциясига қарши кураш бўйича республика махсус комиссиясига жойлардаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва касалларни даволашга амалий ёрдам берадиган гуруҳлар тузиб, ҳар бир ҳудудга юбориш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу гуруҳларга мутасадди идоралар, ихтисослашган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбар ва мутахассислари, шунингдек, пенсияга чиққан тажрибали шифокорлар жалб этилади.

Ҳокимликларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар ташкил этиш, интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш, уларни зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармон билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Тошкент шаҳридаги тажриба асосида COVID-19 ва пневмония билан касалланганларга дастлабки малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган «махсус поликлиникалар» ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Коронавирусга қарши курашнинг Тошкентда қандай кетаётгани ҳақидаги ҳисоботни президент бир кун олдин тинглаган эди.

Охирги икки ҳафта ичида қўшимча равишда 370 та сунъий нафас олдириш аппарати, 1 минг 41 та СИПАП-аппарат (Constant Positive Airway Pressure) портатив нафас олдириш ускунаси, 1 минг 164 та кислород концентратори ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар олиб келиниб, ҳудудларга тарқатилди. Касаллар кўпайиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Республика махсус комиссиясига жойларга яна қўшимча ускуналар етказиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда карантиндан ташқари экспорт ва инвестициялар, бюджет тушумлари прогнозининг бажарилиши, ғўза парвариши ва экинларни суғориш ишларининг бориши масалалари кўриб чиқилди. Булар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди.

«Ҳозирги шароитда касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз. Шунинг учун аҳоли саломатлигини сақлаш, айни пайтда темир интизом билан ҳамма ишларни давом эттиришимиз керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қатъий карантин чораларини 15 августгача узайтирди ва қабул қилинган ушбу қарор учун тадбиркорларда ҳамда ишларини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлган одамлардан узр сўради.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик айрим эпидемиологлар қатъий карантин чораларининг кўрилишига ҳожат йўқ эди, деган фикрни билдирдилар. Уларга кўра, COVID-19 популяция ҳолатига ўтиб бўлди. Тадбиркорлар эса бу каби чоралар иқтисодиётни ҳалокатга олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ