Ўзбекистонга карантин 15 августгача узайтирилди

STV.uz сайти фотосурати

Коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси Ўзбекистондаги карантин чекловларини 15 августгача узайтиришга қарор қилди, бу ҳақдаги хабар идоранинг Telegram-каналида жойлаштирилган.

Карантин даврида ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур бўлган мутахассисларни бевосита жалб этишга рухсат берилганини инобатга олиб, қолган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқаришни ёхуд масофадан туриб (онлайн) ишлашини ташкил этишга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш талаб этилади. Ходимларини вақтинчалик хизмат сафарига юборишни тўхтатиш талаб қилинади, барча йиғилиш ва мажлислар фақатгина онлайн тарзида ташкил этиш мумкин бўлади.

Корхона ва ташиклотлар раҳбарияти ходимлар орасида коронавирус билан касалланганлар мавжуд бўлган тақдирда, улардан хабар олиш, даволаниш мақсадида зарур дори воситалари ва буюмларни харид қилиш учун ходимнинг шароитини инобатга олган ҳолда, моддий ёрдам ажратиш керак бўлади.

Тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва б.) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Аввалгидек, бозорлар, йирик ноозиқ савдо марказлари, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари ҳамда спорт марказларининг фаолияти тўхтатиб қўйилади. Шунингдек, мактабгача болалар муассасалари, ўқув курслари, санаторийлар ва пансионатлар ёпилади. Қаҳвахона ва ресторан каби умумий овқатланиш корхоналари хўррандалар учун ёпилади, аммо ўзи билан олиб кетиш ёки етказиб бериш хизматини кўрсатишлари мумкин бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно). Жорий йил 31 июль (жума), 1−2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилиши алоҳида қайд этиб ўтилган. Махсус стикерли машиналар ҳамда тез ёрдам машиналари бу тақиқдан мустасно.

Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланди ва шу муносабат билан мутасаддиларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилди.

Карантин чораларини узайтириш таклифи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 23 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маъқулланган. Давлат раҳбари ушбу қарорни коронавирус инфекциясининг тарқалишини секинлатиш ва ўлим ҳолатларини камайтириш зарурати билан асослади.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 25 июль куни «Коронавирус пандемиясини таъсирини юмшатиш ҳамда санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» фармонини имзолади. Ушбу ҳужжатга кўра, оилавий ва профилли поликлиникалар базасида COVID-19 инфекциясининг енгил кўринишида касалланган беморларни даволаш учун таркибига патронаж ҳамшира ва шифокор (тахмин қилинишича, инфекционист) киритилган «мобил гуруҳлар» ташкил этиш кўзда тутилган. Президент, шунингдек, икки ҳафта муддат ичида медицина соҳасидаги кадрлар тақчиллигини камайтириш учун пенсияга чиққан шифокорларни ҳамда медицина олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жалб қилиш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари, лаборант шифокорлар ва валеологларни (инсон соғлиғини комплекс ўрганиш бўйича мутахассисларни) тайёрлаш бўйича қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 26 июль кунига келиб Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони бир кеча кундузда 573 кишига кўпайиб 20 226 кишига етди. Мамлакатда эпидемиядан ҳалок бўлганлар сони 112 кишини ташкил этмоқда, 9 283 нафар бемордан 133 тасининг аҳволи оғир ва 63 тасиники ўта оғир, жами 10831 киши коронавирусдан бутунлай соғайиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ