Россиядаги ўзбекистонлик талабалар Мирзиёевдан ўзларини ватанга қайтаришни сўрадилар

Ўзбекистонлик талабалар . «Подробно.uz» сайти фотосурати

Городовиков номидаги Қолмиғистон давлат университетида таҳсил олаётган 100 нафар ўзбекистонлик талабалардан иборат гуруҳ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда мамлакат бош вазири Абдулла Ариповга видеомурожаатини тасвирга олдилар. Улар ўзларини ватанга қайтариш учун олиб чиқиш чартер рейсини ташкил этишни илтимос қилишмоқда, дея хабар беради «Подробно.uz».

Талабалар ўз мурожаатида олдин ҳам Дондаги Ростов шаҳрида жойлашган Ўзбекистон консулхонасига мурожаат қилганларини, бироқ шу чоққача жавоб олмаганларини маълум қилмоқдалар. Уларнинг кўпчилиги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиаташувчисининг чипталарини сотиб олишган, бироқ рейслар бекор қилиниб, авиачипта пуллари қайтариб берилмаган.

Худди шундай видеоформатдаги илтимос билан Мирзиёевга Симферополь (Қрим) шаҳридаги Медицина академиясида таҳсил олаётган 200 нафар талабалардан иборат гуруҳ мурожаат қилганди. «Бизлар ҳаммамиз чартер рейсга ариза жўнатганмиз, бироқ ҳозирча аниқ жавоб олганимиз йўқ, навбатимиз қачон етиб келишини билмаймиз. Биз юзага келган аҳволни тушуниб турибмиз, биз ўз оилаларимизга ёрдам бермоқчимиз, шунингдек, биз давлатимизга коронавирусга қарши курашда ёрдам беришга тайёрмиз», — дейилади видеомурожаатда.

Талабалар оғир молиявий аҳволга тушиб қолганлари ҳақида сўзлаб бердилар – олдинлари уларнинг кўпчилигига ота-оналари ёрдам бериб туришарди, айни пайтда улар ҳам карантин туфайли ишлай олмай тирикчиликка ҳам пул топа олмай қолдилар.

Россияда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўз мамлакати ҳукуматига ўзлари учун чартер рейсларини ташкил этишни сўраб биринчи марта мурожаат қилаётганлари йўқ. Олдинроқ Россиянинг Сибирь Федерал округидаги талабалар Томск давлат университети биноси олдида туриб ўз видеомурожаатларини ёзиб жўнатгандилар. Мурожаатда улар вақтинчалик регистрация муддати ниҳоясига етиб келаётгани ва тез орада ётоқхонада яшаш имконияти қолмаслиги ҳақида сўзлаб бердилар. Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ 22 июль куни 200 нафар талабалардан иборат гуруҳ махсус рейс билан Тошкентга олиб келинди. Ватанга етиб келган талабалар ўша заҳоти карантинга жойлаштирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ