Мирзиёев августда карантинни узайтиришга рози бўлди

Repost.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирди. Бу ҳақда 23 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эълон қилинди, бироқ Мирзиёевнинг матбуот хизмати карантиннинг аниқ муддатлари ҳақида аниқлик киритгани йўқ.

Президент карантин чекловларининг узайтирилиши заруратини касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш билан изоҳлади. Бугунги кунда энг муҳим вазифа – аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади, дея таъкидлаб ўтди у.

Республикада коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 18,7 мингдан ошиб кетди, оғир аҳволдаги ҳамда пневмония билан касалланганлар сони ўсиб бормоқда. Мирзиёев охирги кунлар давомида коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилгани, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши, 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилингани, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилишини таъкидлаб ўтди.

Беморларни даволаш ва консультацияларга беш минг нафар шифокор ва тўққиз минг ҳамширалар, шу жумладан, тиббиёт олий таълим муассасалари ва коллежларининг профессор ва ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсиядаги мутахассислар жалб этилган. Видеоконференция шаклидаги консультацияларда хориждан таклиф қилинган етакчи мутахассислар иштирок этишмоқда.

«Ҳозирги вақтда германиялик тиббиёт профессори юртимизга келиб, даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бугун Туркиядан бир гуруҳ профессорлар етиб келади. Бошқа давлатлардан ҳам энг тажрибали мутахассисларни жалб қилиш бўйича иш олиб боряпмиз», — деди президент.

Бундан ташқари, Мирзиёев инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади ҳамда бу курашда «ўзини аямай» меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларини албатта муносиб равшда тақдирлашга ваъда қилди. Тақдирланганлар рўйхатига 258 нафар одам киритилган, олти нафар одам ўлимидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланди.

Сўнгги кунларда карантин тартибининг 1 августда енгиллатилиши кутилаётган пайтда касаллик юқтирилишининг янги ҳолатлари кунига ярим минггача етиб борди. 23 июль куни ўсиш 489 тани ташкил этди, коронавирусга чалиниш ҳолатларининг умумий сони 18 868 та бўлди. Ўзбекистон транспорт вазирлиги юзага келган мураккаб санитария-эпидемиология вазиятининг мураккаб тус олгани ҳамда олдиндан бирор ҳолатни прогноз қилиш имкониятсизлиги важидан мунтазам халқаро авиақатновлар очиладиган кунни айтишдан бош тортмоқда.

Республикда коронавируснинг иккинчи тўлқини пайдо бўлиши муносабати билан карантин 10 июлдан бошлаб кучайтирилган: буюм бозорлари, йирик савдо мажмуалари ёпилган, тўйлар ҳамда бошқа турдаги кўнгилочар табдирлар тақиқлаб қўйилган, соғломлаштириш марказлари, болалар боғчалари ва лагерларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилган. Умумий овқатланиш корхоналари фақат етказиб бериш учун хизмат қилишни бошлаган.

Коронавирус пандемияси муносабати билан ресторанлар ҳамда иморат ва биноларни ижарага бериш билан шуғулланувчи бизнес вакилларига тақдим этилган солиқ имтиёзлари 2020 йилнинг охиригача узайтирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ