Ўзбекистон фуқароларини бошқа давлатлардан олиб келишни тўхтатиш керак. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» демократик партиясининг раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
«Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади», — дейди сиёсатчи. «Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам “Вабо тарқалган жойга бормангиз, агар турган жойингизда вабо бўлса у ердан кетмангиз” деб бекорга айтмаганлар», — дея фикрини мустаҳкамлайди Қодиров.
Унинг фикрича, «ҳар бир одам ўзи билан янги типдаги вирусни олиб кириши мумкин. Бу янги тўлқин дегани». Қодиров Исроил давлатининг коронавирус пандемиясига қарши кураш услубини мисол қилиб келтиради. «2020 йилнинг 1 сентябригача барча кирувчилар учун чегараларини ёпди. Нимага? Чунки ичкарига кирган ҳар бир инсон вируснинг янги, бораётган жойидаги муҳитга мослашмаган типини олиб кириши мумкин», — дейди партия раиси.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ҳукумати 18 мартдан фақат чет элликлар учун чегарасини ёпди, 20 июлдан тақиқ 2020 йил 1 сентябригача узайтирилди. Тақиқ исроилликлар ва айрим давлат фуқароларига таъсир этмайди. Мамлакатда ниқоб тақиб юриш режими жорий этилган, жарима $140 га тенг, одамлардан икки метрли масофани сақлаш талаб қилинади. 17 июлдан мамлакатда спорт заллари ва фитнес-марказлари, 21 июлдан эса ресторанлар фаолияти чекланди. Ватанига қайтган яҳудийлар албатта икки ҳафталик карантин назоратига олинадилар.
Ўзбекистонда COVID-19 илк бор аниқланганидан сўнг чегаралар ёпилди, халқаро авиапарвозлари тўхтатилди. 24 мартдан барча ички авиарейслар бекор қилинди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси фақат чартер рейсларни уюштириб, чет эллардан ватандошларни қайтара бошлади. 10 июлга келиб деярли 90 мингта ўзбекистонлик уйига қайтди ва яна шунча фуқаролар ватанга қайтиш ниятида. Бироқ, карантин чоралари кескинлашгани сабаб, ҳукумат чартер рейслар сонини қисқартирди.