Ўзбекистонда бу йил бакалавриат бўйича ўқишни истаган абитуриентларнинг сони 1 484 085 одамни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат тест маркази (ДТМ) матбуот хизмати хабар беради. Ўтган йили 1 066 925 та одам ОТМга кириш бўйича рўйхатдан ўтганди ва бу йилги қайд янги рекорд ҳисобланади.
Талабгорларнинг ярмидан кўпи – 798,6 минги кундузги бўлимда ўқишни хоҳлашини кўрсатган, 648,7 мингта абитуриент эса сиртқи бўлимда ўқишни хоҳлашини билдирган. Ҳужжат топширганлардан 37 мингта одам кечки бўлимда ўқишини маълум қилган.
Ўзбек тилида ўқишни билдирганлар сони 1,3 млн кишини ташкил этади ва улар умумий миқдорнинг 87 фоизини ташкил этади. 139 минг абитуриент рус тилида сабоқ олиш истагини билдирган. 3 фоиз талабгор қорақалпоқ тилида билим олиш ниятида.
ДТМ абитуриентларнинг 536 мингтаси шу йили мактабни тамомлаган ўқувчилар эканини маълум қилди. Ўтган йили мактабни битирганлар тест синовлари учун 111 500 сўм ($11) тўлашлари лозим бўлади. Қайта ўқишга топширувчилар учун тўлов 2019 йили жорий этилганди. Ўшанда ДТМ 53 млрд сўм ($6,1 млн) даромад кўрган. Бу маблағ марказ ходимлари учун ойлик маошнинг 200 фоизи миқдорида ҳақ тўлашга режалаштирилганди.
Жорий йили коронавирус пандемияси туфайли абитуриентларни рўйхатга олиш онлайн режимида олиб борилди. Аризаларни 20 июндан 20 июлга қадар ДМТ сайти ва Ягона интерфаол давлат хизматлари портали орқали топшириш мумкин бўлди. Бундан ташқари, республиканинг еттита туманида ҳужжатлар маҳаллий давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинди.
Пандемия сабаб Ўзбекистон ҳукумати ўқишга кириш жараёнини енгиллаштирди. Шундай қилиб кириш имтиҳонлари бештадан иккита предметга қисқартирилди. Тест синовларидан она тили, математика, Ўзбекистон тарихи предметлари олиб ташланди. Абитуриентларнинг бакалавриат йўналишига доир предметларгина қолдирилган. Бундан ташқари, ўқишга кираётганларга имтиҳон пайтида маълумотнома материалларидан фойдаланишга рухсат берилди. Жумладан, кимёчилар Менделеев жадвалидан, физикачилар эса доимий физик бирликлари жадвалидан фойдаланишлари мумкин.
Янги квотага кўра, 2020-21 ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги бўлимига 103 575 абитуриент кириши мумкин ва бу ўтган йилга нисбатан 23 145 тага кўпдир. Магистратурада ўқишни давом эттириш имконига 10 425 талаба эга бўлиши мумкин ва бу миқдор ўтган йилга қараганда 1 730 та ўринга кўп. Кечки бўлимга 5 025 та ва сиртқи бўлимга 31 350 абитуриент қабул қилинади.