Ўзбекистонга президентнинг суд тизимига таъсирини камайтириш маслаҳати берилди

Диего Гарсия-Сайяннинг Шавкат Мирзиёев билан учрашуви. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш учун унга нисбатан президент ва прокуратуранинг таъсирини камайтириш лозим. Қатор ташкилиш масалалар, жумладан судяларнинг меҳнатига ҳақ тўланиши давлат раҳбари фармонлари билан эмас, қонунчилик томонидан бошқарилиши керак. БМТ махсус вакили Диего Гарсия-Сайяннинг докладидан мана шундай тавсиялар ўрин олган.

«Ҳозирги пайтда суд тизимини бошқа давлат органларидан мустақил равишда кўриш қийин. Давлат ҳукумати органлари, жумладан президент суд тизимини шакллантирилиши ва фаолияти билан боғлиқ муҳим функцияларни ўзида сақлаб қолган. Прокурорлар ҳали-ҳануз жиноят судловида муҳим роль ўйнайди ва айрим судяларга етарлича босим ўтказадилар», – дейилади доклад хулосаларида.

Ҳужжатда оддий судяларни тайинлаш борасида президент ваколати қисқартирилиб, у Олий суд кенгашига ўтганлиги айтилади. Лекин катта судяларни тайинлаш ҳамон давлат раҳбари тасарруфида эканига урғу берилади. Бундан ташқари, Олий суд кенгаши аъзоларини ҳам президент тайинлайди.

Махсус докладчи ўзбек судялари орасида аёлларнинг камлигига эътибор қаратади — 1038 та судядан фақат 129 нафари аёллар ёки бу умумий миқдорнинг 12,4% ташкил этади. Айниқса жиноий ва маъмурий судларда гендер тенгсизлиги кўзга ташланади, у ерда аёллар сони 8 фоиздан ошмайди. Ҳукумат бу ҳолатни ўзбекистонлик аёлларнинг шахсий ҳаёт ва профессионал фаолият ўртасида тош босадиган мутахассисликни танлаши билан изоҳлайди. Бунга жавобан Гарсия-Сайян «аёлларнинг бундай вазифаларда камлиги омили оила ва жамиятдаги аёл ва эркаклар ўрни билан боғлик стереотиплар билан боғлиқлиги ва улар аёлларнинг дискриминацияга учраши ва бўйсунувчанлик ҳолатини мустаҳкамлашини» таъкидлайди.

Эксперт прокуратура масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. У докладда прокурорларни танлаш халқаро андозаларга тўғри келмаслигини айтади. Ўзбекистонда бош прокурор Сенат тасдиқлаганидан кейин президент томонидан тайинланади. Бу ерда номзодни танлаб олиш процедураси на Конституцияда ёзилган, на буни мувофиқлаштирувчи қонунда. Докладчининг фикрича, бу коррупция хавфини оширади. У бу борадаги тизимни ислоҳ қилиш, қонунга бош прокурор номзодига талабгорларни аниқлашда жамоатчилик иштирокини кўзда тутувчи ўзгартириш киритиш кераклигини айтади.

БМТ вакили прокурорлар ваколатини жиноий соҳа билан чеклашни (судгача текширув ва жиноий жазо ижроси) тавсия қилади. Назорат ташкилотининг бир қисм ваколатини суд органлари ва мустақил ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларига бериш лозимлиги айтилади докладда.

Гарсия-Сайянни адвокатларнинг камлиги ва уларнинг кўпчилиги Тошкентда яшаши ҳавотирга солади. Ҳимоячилар фаолиятининг мустақил бўлиши учун докладчи адвокатура ташкилотига нисбатан Адлия вазирлиги ваколатини қисқартиришни маслаҳат беради.

БМТ маҳсус вакили 2019 йили сентябрда Ўзбекистонга ташриф буюрган. У ташриф давомида президент Шавкат Мирзиёев ва мутасадди вазирлик раҳбарлари билан учрашган. Гарсия-Сайян Тошкент, Самарқанд ва Фарғонада мулозимлар ва ўзини қизиқтирган одамлар билан суҳбатлашган. Экспертнинг маълумотига кўра, у билан учрашган сўнг айрим одамлар махсус хизматлар томонидан кузатувга олинган ва сўроқ қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ