Гиёҳвандлик воситасини сотган самарқандлик эркакда коронавирус борлиги аниқланган

Коронавирус тести. Weforum.org сайти фотосурати

Гиёҳвандлик воситасини сотганлиги учун қўлга олинган самарқандлик эркакда коронавирус топилгани сабаб, карантин назоратига олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар беради.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирида 38 ёшли У.Д. 0,59 грамм «Гашиш» гиёҳвандлик воситасини 500.000 сўмга ($49) қонунга хилоф равишда сотган вақтида ушланиб, тадбирда ишлатилган 250.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми («кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини ўтказиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича У.Д., га тегишли модда билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аммо дастлабки тергов жаранида У.Д. «Covid-19» касаллиги билан хасталанганлиги аниқланиб, зудлик билан унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чорасига алмаштирилган, У.Д. карантинга олинган.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини тарқалиши кескинлашди. 13 июль куни пандемия тарихида вирусга чалинганлик ҳолати бўйича рекорд ўрнатилди – 594 нафар одамда COVID-19 вируси аниқланди. Республикада инфекцияга чалинганларнинг умумий сони 13 872 та одамни ташкил этди, улардан 8 074 та одам тузалиб кетган, 64 нафар инсон ўлган.

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин назорати кучайтирилди — буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар, спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар ёпилди. Одамларга бесабаб кўчага чиқмаслик маслаҳати берилган.