Адлия вазирлиги норози ўзбекистонликларга карантиннинг ҳуқуқий асосларини тушунтириб берди

Музраф Икрамов. Bulak.kg сайти фотоси

Ўзбекистон ҳудудида киритилган карантин фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайди. Бу фикрни адлия вазирининг ўринбосари, республикада хизмат кўрсатган юрист Музраф Икромов Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида чоп этилган мақоласида изҳор этган.

Икрамов ҳукумат томонидан кўрилаётган чеклов чоралари фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини поймол этмаслиги ва қонунчилик ва республиканинг умумқабул қилинган мажбуриятларига мос келишини исботлашга уриниб қўрди ҳамда «халқаро шартномалар, амалдаги қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳақида асосланмаган маълумотларни тарқатиб, барчани чалғитаётганларни» огоҳлантирди.

Ҳаракатланишга чекловлар ҳуқуқ бузилиши қаторига кирмайди, дея исботламоқчи бўлади Икрамов, негаки Конституциянинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно эканлиги қайд этилган. Аҳоли ва автотранспорт ҳаракатланишига ўрнатилган чеклашларнинг ҳуқуқий асосини эса “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни ташкил этади. Ушбу қонуннинг 3-моддасида карантин чоралари сифатида одамлар, товарлар ва автомобилларнинг ҳаракатланиши чекланиши мумкинлиги тўғридан-тўғри кўрсатилган, — дея ёзади адлия вазирининг ўринбосари.

“Ҳозиргига ўхшаган муқобили кузатилмаган ҳолатларда энг асосий жиҳат бўлган ҳаракатланишни давлат чеклашга қодир бўлмаса, қандай қилиб карантин ҳақида гапириш мумкин,- деб ёзади вазир ўринбосари ҳамда “дунёнинг барча давлатлари шу каби ҳуқуққа эга ва биз бошқа давлатларда ушбу ҳуқуқ қандай рўёбга чиқарилаётганлигини кўриб турибмиз”, дея қўшиб қўяди.

Конституциянинг 20-моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги белгиланган. Яъни, шахсий ҳуқуқларни амалга ошириш бошқаларнинг ҳуқуқи олдида мутлақ бўлиши мумкин эмас.

Мақолада Икрамов Махсус комиссиянинг ваколатлилиги ҳамда унинг чекловчи характердаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи борасида саволлар “таги пуч ва юридик асосга эга эмас”лигини исботламоқчи бўлади.

“Коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга, Конституцияга, қонунчиликка ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келади, инсон ҳуқуқларини бузмайди”, — дея таъкидлайди вазир ўринбосари ва шу билан бирга “Вазирлар маҳкамаси тўғрисида” қонунининг ҳукуматнинг ижтимоий соҳани бошқариш, санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш ҳамда вақтинчалик комиссияларини тузиш ваколатлари кўрсатиб ўтилган 3,11 ва 25 — моддаларига таянади.

Бундан ташқари, Икрамов “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси ёки вилоят ҳокимликлари ҳам ўрнатилган тартибда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкинлигини эслатади.

“Анчадан буён ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фавқулодда ҳолат (вазият) шароитларига ўхшаш чекловлар ўрнатилганига қарамай, фавқулодда ҳолат ўрнатилгани ҳақида расман эълон қилинмаётганини муҳокама қилиб келишади”, — дея ёзади Икрамов.

Бу ҳаракатларни у дунё мамлакатлари тажрибасига ҳаволалар билан асосламоқда ҳамда “коронавирус қарши кураш бўйича вазиятни баҳолаш ва унинг натижадорлиги киритилган тартибнинг шакли: фавқулотда ҳолат, фавқулотда вазият, комендантлик соати, карантинни алоҳида ёки биргаликда жорий қилинганлигига боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда”. “Республикамиз қонунчилиги фавқулотда ҳолат, фавқулотда вазият, карантин тартиби киритилишига имкон беради”, дея билдиради Ўзбекистоннинг хизмат кўрсатган юристи.

У Конституциянинг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши мумкинлигини, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига ҳамда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3 ва 31-моддаларига таянди. Ўзбекистонда ўтказилаётган эпидемияга қарши тадбирлар кўпроқ “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг талабларига мос келади, дея таъкидлайди Икрамов.

Икрамовга кўра, ҳозирда коронавирус инфекцияси билан курашда чекловчи тадбирлар (карантин) мавжуд тартиблар ичида энг мутаносиби бўлиб турибди ва ўзининг натижасини бермоқда. “Бу борада коронавирус билан оммавий зарарланишнинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича қонунларда кўзда тутилган мақсадларга етишиш учун кўрилаётган чоралар мутаносиб ёки етарли эмаслиги ҳақидаги фикрга асло қўшилиб бўлмайди”, — дея хулоса қилади адлия вазири ўринбосари.

Музраф Икрамов Тошкентда туғилган, Тошкент давлат юридик институтини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

Икрамов 2015 йилда Адлия вазири лавозимини эгаллаган ва бу лавозимда 2017 йил августгача ишлаган. Ўшанда уни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси этиб тайинлашган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист унвони билан уни 2014 йилда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов тақдирлаган.

Коронавирусга чалинишлар ва шу касалликдан ўлишлар сони кескин равишда ўсиб кетгани, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига юклама кучайиб кетгани ортидан Ўзбекистон расмийлари мамлакатда 10 июлдан 1 августгача карантин чораларини кучайтирдилар. Республикада барча буюм бозорлари, йирик дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар, истироҳат боғлари ёпилди, кўнгилочарлик тадбирлар, тўйларни ўтказиш тақиқлаб қўйилди. Ёши 65 дан юқори бўлган қарияларга жамоатчилик жойларига бормаслик ҳамда қаттиқ зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик тавсия этилди.

Ўзбекистонда 13 июль куни эпидемия бошланганидан бери рекорд даражадаги COVID-19 инфекциясини юқтириб олган янги касаллар сони қайд этилди – 594 та. Улардан 272 нафари карантин муассасаларида ва 322 таси аҳоли орасида аниқланди. Касалга чалинишнинг умумий миқдори 113591 тага етди.