Facebook ва Google Ҳонконг фойдаланувчиларига доир саволларга жавоб бермай қўйди

Techcrunch.com сайти фотосурати

Facebook, Google ва Twitter ижтимоий тармоқлари Ҳонконг ҳукумати томонидан фойдаланувчиларга оид берилган саволларга жавоб бермай қўйди, деб хабар беради Reuters. Хитойнинг Ҳонконг устидан назоратни кучайтиришга қаратилган миллий хавфсизлик қонунини қабул қилгани ва бунинг ортидан ҳукумат муҳолифат кучларини таъқид қилиши мумкинлиги сабаб мана шундай қарорга келинган.

Facebook (компанияга WhatsApp ва Instagram тегишли) мурожаатида айтилишича, «миллий хавфсизлик қонунига тўлиқ баҳо берилгунча» барча сервисга тушадиган мурожаатларни қайта ишлаш тўхтатилган. Ўз навбатида Twitter маъмурияти мазкур қонун асоратларидан «жиддий хавотирда» эканига ишора қилади.

Google компанияси агар мурожаат Ҳонконгдан тушган бўлса, у ҳолда контентларни ўчириб ташлаш масалаларини кўраётганини маълум қилди. Материкдаги Хитойда Google, Facebook ва Twitter блокланган, лекин Ҳонконгда улар ҳанузгача ишлаётган эдилар.

Ижтимоий тармоқлар у ёки бу мамлакат мурожаат қилганда фойдаланувчига доир маълумотларни тақдим этиши мумкин.

Миллий хавфсизликка оид қабул қилинган қонунда провайдерларнинг полиция билан ҳамкорлик қилиши шарт қилиб кўрсатилган, жумладан, суд қарорисиз у ёки бу маълумотни ўчириб ташлаш борасида.

Бу вазиятда TikTok видеосервиси (у ByteDance хитой компаниясига тегишли ва глобал аудиторияга мўлжалланган, лекин қитъавий Хитойда блокланган) бир неча кун ичида Ҳонконг бозоридан кетишини маълум қилди.

Хитой парламенти томонидан қабул қилинган миллий хавфсизликка доир қонун миллий қонунчиликнинг Ҳонконг ҳудудида ҳам амал қилишини кўзда тутади ва ташқи кучларни ўлка ишларига аралашувини тақиқлайди. Бундан ташқари, ушбу қонун Хитой махсус хизматларига Ҳонконгда «бурч ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун» ваколатхона очишига рухсат беради.

Янги қонун халқаро миқёсда бахс-мунозараларга сабаб бўлди. АҚШ Давлатат департаменти бундай ҳолатда Ҳонконг автономия мақомини йўқотишини айтади (бундай вазиятда АҚШнинг Ҳонконгдаги иқтисодий устунлигига путур етади). Давлат котиби Майк Помпео қонун қабул қилинишини минтақада «эркинликнинг барҳам топиши» дея баҳолади. АҚШ Сенати куни-кеча Хитойга нисбатан санкциялар қўллашни ёқлаб чиқди.

Ҳонконг «битта давлат, иккита тизим» курси бўйича расман Хитойнинг маъмурий ҳудуди ҳисобланади. Лекин унга кенг автономия ҳуқуқлари берилган, жумладан у полиция ва молиявий тизимни назорат қилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ