Россияда “мигрантнинг ижтимоий ишонч рейтинги”ни яратиш устида бош қотиришяпти. Тахмин қилинишича, ушбу рейтинг мамлакатга келган чет эллик фуқаролар тўғрисидаги махсус иловалар ёрдамида тўпланадиган маълумотларга асосланади. Ва бу иловаларни ўрнатиш мигрантлар учун мажбурий бўлади.
“Ҳозирча тажриба асосида мигрантнинг “ижтимоий ишонч рейтинги” дея аталувчи маълумотларни кўрсатадиган рақамли профилини яратиш борасида шундай таклиф бор, — дея маълум қилди кучишлатар тузилмаларидаги манба. – Унда ижтимоий-ҳуқуқий мақом, биометрик маълумотлар, соғлиғи тўғрисидаги маълумот, криминал ўтмишнинг борлиги ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилиши лозим бўлади”.
Рейтинг қандай услубда ҳисобланиши (ва у айнан нималарга таъсир кўрсатиши) ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Бироқ манбаларнинг тахмин қилишича, рейтинг мигрантнинг ишга жойлашиш истиқболларига жиддий таъсир кўрсата олиши мумкин.
“Барча қоидаларга мувофиқ тўлдирилган илова эвазига меҳнат мигрантларига Россия ижтимоий ҳаётига осонроқ киришиб кетишни, яъни кўчаларида ҳужжатлар текширувидан муаммосиз ўтиш, яшаш манзили бўйича шифокор қабулига ёзилиш ҳамда электрон биржаси орқали ишга жойлашишга имконият берувчи “ишонч рейтингини” олиш ҳуқуқини тақдим этиш таклиф этилмоқда, — дея ёзади Россиядаги нашрлардан бири. – Эҳтимол мазкур илова рағбатлантириш сифатида мигрантларга патент ёки солиқларни тўлашда қандайдир чегирмаларни, шунингдек, фақат Россия фуқаролари учун кўзда тутилган бошқа турдаги электрон сервислардан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш тўғрисидаги таклифларини бериши мумкин бўлади”
Бу ғоя ҳокимият идораларидаги мутасаддиларга ҳам маъқул бўлгандек кўринди. Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг аъзоси бўлмиш сенатор Франц Клинцевич бу ғояни “мутлақо тўғри” дея атади (ҳамда Россияда қонуний тарзда яшаб ишлаётган мигрантлар учун ушбу иловани ўрнатишда ҳеч қандай “қийинчилик бўлмайди”, деб билдирди). Федерал миграция хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Вячеслав Поставнин айтишича, бу ғояни муҳокама қилишганига анча бўлган, бироқ маблағ етишмовчилиги боис амалга оширилмай қолган.
Бошқалар бу ғояни бирор-бир самарали натижа беришига бироз ишончсизлик билан қарамоқдалар. Россия Мигрантлар федерациясининг президенти Вадим Коженов “ҳеч ким ҳеч қанақа илова ўрнатмайди ва тизим ҳам ишламайди, негаки бу ҳеч кимга керак бўлмайди”, дея тахмин қилди. “Фуқаролик кўмаги” (“Гражданское содействие”) қўмитасинингн раҳбари Светлана Ганнушкинанинг қайд этишича, иловани юклаш учун ҳаммада ҳам смартфон бор эмас (мигрантларнинг кўпчилиги оддий кнопкали телефондан фойдаланишади). Меҳнаткаш мигрантлар касаба уюшмаси марказий қўмитаси раҳбари Ренат Каримов бу илова назорат воситасига (унинг ибораси билан айтганда, “электрон бўйинтуруққа”) айланиб қолиши мумкин.
Бу каби тизимларнинг расмий ва тижорат аналоглари мавжуд. Энг кўламлиги – бир неча йил олдин Хитойда ишга туширилган “ижтимоий рейтинг” ҳисобланади. Бу ягона тизим бўлмай (ҳар ҳолда ҳозирги пайтда), давлат назорати остидаги расмий ва хусусий лойиҳаларнинг мажмуасидир. Бироқ улар ҳозирдан туриб одамларнинг турли соҳалардаги – солиқ тўлашдан тортиб, итларини сайр қилдиришгача бўлган ҳаракатларини назорат қилиб боришга интилмоқдалар. Ва мамлакатдаги юз миллионлаб аҳолининг ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин, негаки пасайиб кетган “ижтимоий рейтинг” учун жазога тортиш кўзда тутилган.
Хитой модели давлат назорати ва ёппасига кузатув воситаси сифатидан кўп маротаба танқид қилинган. Унда, келтирилган таърифлардан хулоса қиладиган бўлсак, Россияда таклиф этилаётган мигрантлар учун рейтинг моделида сингари бошқа – одамларга мукофот ва жазога тортиш ёрдамида таъсир кўрсатиш жиҳати ҳам бўлиши мумкин. Ва бу ўз самарасини бериши эҳтимоли бор: яъни одамлар ўз юриш-туришларини ўзлари назорат қилиб юрадиган бўлиб қоладилар (масалан, ўзининг мақомини бузиб қўймаслик учун йўл ҳаракати қоидаларини бузмасликка ҳаракат қиладилар) ва бу натижалар мукофотлар билан биргаликда “ижтимоий рейтингга” нисбатан Хитой аҳолиси қатламининг салмоқли қисми томонидан қўллаб-қувватиланишини таъминлаши мумкин. Бироқ танқидчилар қайд этишича, ҳатто шундай кўринишда ҳам тизим назорат воситасига айланиши ҳамда “қулоқлик”ни рағбатлантириш йўли билан ўзгача фикрловчиларни таъқиб этишга янги имкониятларни яратиб бериши мумкин.
Тизим
“Ижтимоий рейтинг” – Хитойда анчадан бери мавжуд бўлган амалиётларнинг давомидир. Бунақалар қаторида –аҳоли устидан ижтимоий муҳит ва сиёсий кўзқарашлар тилга олинган батафсил маълумотларни (данань) тўплаш амалиётини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу каби маълумотлар ишга жойлашаётган, мансаб поғоналаридан кўтарилаётган пайтда ҳисобга олинган ва маҳаллий архив марказларида сақланган. Яна бошқалари – кузатув тизимларидан ёппасига фойдаланиш (Хитой шаҳарлари жамоат жойларида ўрнатилган камералар сони бўйича дунё бўйича биринчи ўринни эгаллаган, 2020 йилда прогнозларга кўра, мамлакат аҳолисининг ҳар икки кишига биттадан шундай видеокамералар тўғри келади) ва одамлар хулқининг ғоявий назорати.
Бир неча йил илгари матбуотда эълон қилинган “ижтимоий рейтинг”ни ишга солиш режаси янги тизим – “социалистик иқтисод ва уйғун социалистик жамиятнинг ” муҳим унсури деб билдирган эди. Унинг мақсади, — дея изоҳлар эди у, — “ҳалолликка ва анъанавий қадриятларга” кўмак берувчи муҳитни, жамиятда ўзаро ишончни қўллайдиган ва қоидабузарларни жазолайдиган воситаларни яратишдан иборат.
Экспертлар Хитойда ишонч муаммоси – шу жумладан, бизнесга ва давлатга нисбатан ишонч муаммоси ҳақиқатдан ҳам долзарб эканлигини қайд этиб келганлар. Умуман олганда, бу нисбатан яқин ўтмишнинг – тарихий истиқболда – бозор иқтисодиётига ўтиш босқичидан қолган асоратлар бўлиб, коррупция ва фирибгарликнинг кескин ўсиши билан кузатилган. Пекиндаги пойтахт педагогика университетининг социология профессори Ван Шуцинга кўра, мамлакатда имзоланган шартномаларнинг тахминан ярми бажарилмай, қоғозда қолиб кетади, коррупция кўлами эса, мансаб ваколатлари суистеъмолликарига қарши кураш бўйича кампанияларга қарамай, ҳамон даражаси юқорилигича қолмоқда (мисол учун, ўтган йили давлат амалдорларидан бирининг уйидан 13 тонна олтин чиқди. Тахмин қилинишича, пора эвазига олинган даромаднинг қиймати бир неча юз миллион долларни ташкил этади).
Бироқ ишонч инқирозининг сабаблари, — дея ёзади бошқа социолог Чжан Лифань, сезиларли даражада аввалги давлат сиёсатига, айниқса, Хитой Маданий инқилобига (1960-1970 йиллар) оид даври сиёсатига бориб тақалади, ўша пайтда расмийларнинг ўзлари одамларни бир-бирига қарши гиж-гижлаб қайрашар эди. “Ўша пайтда, — дея қайд этади Лондон университетининг профессори Стивен ТСан, — одамларни ҳатто ўз қариндошлари орқасидан кузатиб юришга ҳамда “аксилинқилобий кўзқарашларда” гумонланган шахсларга қарши айблов хатларини ёзишга мажбурлашган”. “Одамларни биргина раис Маога (Хитой Халқ Республикаси асосчиси Мао Цзе-дун. – “Фарғона” изоҳи) ишониш мумкин, дея ўргатишган, — дейди у. – Оилага ҳам ишониб бўлмайди, дўстларга ҳам, муаллимларга ҳам, бошқаларга ҳам. Ҳатто керак бўлса, партияга ҳам ишониб бўлмайди”. “Давлатнинг ўзи муаммони яратиб қўйди, — дея қайд этади Чжан Лифань. – Энди бўлса, ўзи бунинг тагига етишга уринмоқда”.
Амалиёт
“Ижтимоий рейтинг”нинг асоси – керакли бўлган одам тўғрисида тўхтовсиз маълумот тўплаб, унга баҳо бериш учун бу маълумотлардан фойдаланиш. Агар бу тижорат лойиҳаси бўлса, рейтингни тақдим этиш ихтиёрий (Хитойдаги энг машҳури лойиҳалардан бири – Alibaba бўлинмаси томонидан ишлаб чиқарилган Sesame Credit) ва агар расмий бўлса, унда мажбурий бўлади. Юқори рейтингларга эришган одамлар мукофотланиши, паст рейтинг учун эса жазога тортилиши кўзда тутилган.
Шундай тизим, мисол учун мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган Шаньдун провинциясининг Жунчен шаҳрида амал қилмоқда. Балоғатга етган ҳар бир одам базавий минг баллга тенг рейтинг олади ва бу рейтинг унинг хулқи-атворига қараб ё кўтарилиб боради ёки пасаяди. Йўл қоидаларини бузиш каби майда қилмишлар учун беш балл олиб ташланади (агар қоидабузарлик маст ҳолда автомобилни бошқариш каби оғир бўлса, унда анча кўпроқ). Хизмат поғонасидан кўтарилса, — беш балл қўшилади. Алоҳида муваффақиятларга эришса (масалан, бизнесни намунали юритиш) – ўттиз балл. Хитой жанубидаги Фучжоуда волонтёрлик қилгани учун (ўн балл) ва иқтидордаги партиядан ижобий характеристика оладиган бўлса (эллик балл), рейтингни кўтарадилар. Ходимларига иш ҳақини беришни кечиктирса (100 балл) ва судга сабабсиз келмаса (бу ҳолатда рейтинг нолгача туширилади, айбдор “қора рўйхатга” киритилади) – рейтинг пасайтирилади.
Sesame Credit каби айрим рейтинглар одамларга харид қилаётган молларига қараб баҳо бериши мумкин (масалан, одам болалар учун товар сотиб олса, баҳо юқори бўлиши мумкин, негаки унинг бу иши масъулиятли эканлигидан дарак беради, ёки агар у соатлаб онлайн-ўйинлар машғул бўлса, баҳо пасаяди) ва ҳатто ижтимоий тармоқларида қолдираётган шарҳларни ҳам ҳисобга олиши мумкин. Sesame Credit рейтинги, унга баҳо бераётган журналистларнинг ёзишича, масалан, ҳукумат тўғрисидаги мақтовли фикрларни изҳор этган одамларга юқори баҳо беради.
Шу билан бирга, мамлакатда кўплаб алоҳида кредит тизимлари мавжуд бўлиб, уларни ҳам интеграция қилишга интилишмоқда. Масалан, солиқ хизмати ишлатаётган рейтингда нафақат тўланаётган солиқлар, балки “бошқа идоралардан олинган рейтингга оид маълумотлар” ҳам ҳисобга олинади.
Ягона тизим 2020 йилга келиб тузилиши тахмин қилинган, бироқ бу иш ҳозиргача амалга ошмаган.
Услублар
Юқори рейтингга эришган одамларни нималар билан мукофотлайдилар? Жунчен аҳолисини – коммунал тўловларга чегирмалар, имтиёзли кредитлар ҳамда велосипедларни гаровсиз ижарага олиш имконияти билан. Sesame Credit фойдаланувчиларини Alibaba интернет дўконидан товарларни сотиб олиш учун кредит расмийлаштириш, автомобилни гаровсиз ижарага олиш, меҳмонхоналарда жой бронь қилишнинг соддалаштирилган процедурасидан фойдаланиш ҳамда Пекин аэропортининг VIP-терминалига ўтиш имкониятини олиш ва ҳатто Шенген визасини тезлаштирилган ҳолатда расмийлаштириш билан рағбатлантирилади.
Ҳозирча асосан гап “қора рўйхат” ҳақида кетмоқда, унга муайян қоидабузарликларни содир этган одамлар киритилади (мисол учун, суд томонидан тайинланган жаримани тўламаслик). Бундай одамларга самолёт ва поездларга чипта сотишдан бош тортишлари мумкин (2018 йилда шундай раддиялардан 20 миллиондан кўпроғи қайд этилган). Бундан ташқари, уларнинг фарзандларини истиқболли мактаб ва университетга қабул қилишдан бош тортишлари мумкин. Шунингдек, ишга жойлашмоқчи бўлган паст рейтингли одамга ҳам осон бўлмаслиги муқаррар.
Бироқ истиқболда, дея қайд этади компьютер хавфсизлиги тўғрисидаги китобнинг муаллифи Рэйчел Ботсмен, бир неча йил илгари чиқарилган директивага мувофиқ, расмийлар айнан паст рейтинглар учун жазога тортиш тизимини ривожлантиришмоқчи. Эҳтимолий санкциялар қаторига сиҳатгоҳлар ва бошқа дам олиш жойларига бориш имкониятини чеклаш, ишга жойлашишда камроқ имкониятлар (хусусан, давлат секторида) ва ҳатто интернетдан фойдаланиш имкониятини чеклашгача киритилган.
Муаммолар
“Одамларнинг ахлоқи яхши томонга ўзгара бошлади. Мисол учун, автомобиль ҳайдовчилари эндиликда ҳар доим пиёдалар ўтиш жойида тўхтаяптилар. Агар тўхтамайдиган бўлсалар, балларини йўқотадилар, — дейди Жунчень шаҳар турғуни. – Олдинига одамлар рейтингдан хавотир олаётган эдилар, энди бўлса шундай қилишга одатланиб қолдилар”.
“Ижтимоий рейтингларга” бу каби муносабат етарли даражада кенг тарқалган – кўпчилик мукофот ва мақом илинжида уларга рози бўлади (Sesame Credit ишга туширилганидан бир неча ой ўтиб тизимга қўшилган юз минглаб одамлар ижтимоий тармоқларда ўзлари эришган ютуқлари билан мақтана бошладилар). Бироқ бу каби услублар, гарчи давлат томонидан назоратнинг кучайтирилишига қарамай, ҳақиқатдан ҳам жамият учун фойдали кечмоқда, деб ҳисоблайдиган одамлар ҳам оз эмас.
Бироқ бу ишнинг бир томони, холос. “Ижтимоий рейтинг” – ҳам давлат томонидан ва ҳам харидлар, ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ва бошқа турдаги маълумотларни тўплайдиган компаниялар орқали одамларнинг ортидан қўйилган кузатув (шу жумладан, юзига қараб шахсини аниқловчи технологиялик кўп сонли видеокамералар воситасида) мавжудлигининг эслатувидир. Шу билан бирга, тизим одамларнинг бири-бирларини ўзаро кузатиб юришларини ҳам рағбатлантиради (“ижтимоий рейтинг” режаси “ишончни оқламаётганлар” ҳақида етказилаётган маълумот учун мукофотлашни таклиф қилади).
Тизим, шунингдек, ижтимоий алоқаларга ҳам таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Олдин хабар қилинганидек, Sesame Credit тизими фойдаланувчининг шахсий рейтингига унинг дўстларининг рейтинглари ҳам таъсир кўрсата оладиган тарзда яратилган (агар бу каби тизим расмий даражада жорий этиладиган бўлса, бу ижтимоий тармоқларда ҳукумат фаолиятини танқид қилган муаллиф билан бирга унинг дўстлари ва танишлари ҳам ўз балларини йўқотишини англатади). Бу эса одамнинг атрофидаги танишлари ва дўстлари ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келиши ёки унинг давлат органларига нисбатан садоқати ва мойиллиги борасида таъсир ўтказишига туртки бериши мумкин. “Фуқарода, — дея қайд этади Рэйчел Ботсмен, — дўстига ёки қариндошига: “ижтимоий тармоқларда у ёки бу нарсаларни чоп этмаслигинг керак, бу нарса нафақат сенинг, балки менинг рейтингимни ҳам бузиб қўйиши мумкин”, деб гапиришига рағбат пайдо бўлади”.
Михаил Тишченко
-
16 Сентябрь16.09ФотоШҲТ. ТашрифларШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар
-
14 Июль14.07Савдо, маданият, хавфсизликТошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
-
06 Июль06.07Суд орқали соғайишРоссияда чет эллик мигрантларнинг патент олиши учун COVID-19 инфекциясига тест топширишни шарт қилиб қўйдилар
-
28 Июнь28.06Шаҳардаги мавҳум эркинликХитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида
-
08 Май08.05“Қурбонлар гипермаркетлар олдида, каршерингларда ўтирган ҳолда пойланади”Россияда мигрантларга қарши кайфият нега кучайиб кетаётгани ҳақида
-
05 Декабрь05.12«Терига сомон тиқиш»нинг хитойча усулиХитойнинг «ёшартирувчи» дори воситаси учун дунё бўйлаб эшаклар қирилиб кетмоқда