Хитойда Си Цзиньпинни коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани учун танқид қилган профессор ҳибсга олинди

Сюй Жанрун (Xu Zhangrun, 许章润). Ntdtv.com сайти фотосурати

Пекин шаҳрининг четида Коммунистик партиясини ва шахсан унинг раҳбари Си Цзиньпинни танқид қилиши билан шуҳрат қозонган 57 ёшли юрист олим Сюй Жанрун (Xu Zhangrun, 许章润) ҳибсга олинди. Сюй коронавирус пандемияси шароитида расмийларнинг ҳаракатлари тўғрисида танқидий мақоласини ҳам ёзган эди. Олимнинг ҳибсга олиниши ҳақида Al Jazeera унинг дўстларига таяниб хабар берган.

Профессорнинг танишлари орасида тарқаб кетган матнда айтилишича, полиция унинг уйида тинтув ўтказиб, компьютерини мусодара қилган. Reuters маълумотига кўра, ҳибсга олишда йигирмадан зиёд полициячилар иштирок этиган. Al Jazeera хабар беришича, олимни 6 июль душанба куни ҳибсга олишган.

Унинг дўстларидан бири шикоят қилишича, шундан сўнг у билан ҳеч ким алоқа ўрната олмаяпти. Журналистларнинг Пекин полициясига ва Синьхуа университетининг матбуот хизматига қилган кўп сонли телефон қўнғироқлари натижа бермаяпти, Пекин шаҳри Чангпин округи полицияси шарҳ беришдан бош тортди. Полициядагилар профессорнинг рафиқасига уни фоҳишалик билан шуғулланишга ундаш айблови билан қўлга олинганини маълум қилишган.

Сюй Жанрун февраль ойида Хитойдаги цензурани ҳамда коронавирус тарқалиши ҳолатларини яширилганини фош этувчи ва сўз эркинлигига чақирувчи “Вирус тревогаси – қутуришлик қўрқувни енгганда” дея номланган мақоласини чоп этган эди.

Мақолада мамлакатда ёппасига ёлғон ишлатишнинг сабаблари Си Цзиньпин ”ва унинг тўдаси”га бориб тақалиши, эпидемия авж олишининг марказига айланган Хубэй провинциясидаги муаммолар аслида бутун Хитойнинг муаммоларини акс эттиргани ҳақида сўз юритилган. “Буларнинг ҳаммаси вирус ҳақидаги аниқ маълумотларни тақдим этишга қатъий тақиқларнинг қўйилиши бўлиб, ҳокимият органларининг барча даражаларида ёлғоннинг урчишига кўмак берган”, — деб ёзган эди у.

Профессор 2018 йил июль ойида Хитой раҳбарлари учун икки муддатли чеклов бекор қилингани ва бунинг оқибатида Си Цзиньпин иккинчи муддатга қолишга имконият пайдо қилишини танқид қилганида, диссидент сифатида танилган эди. Шундан сўнг у цензурани, Компартиянинг кучайиб бораётган авторитаризмни қораловчи қатор мақолаларни ёзган, Си Цзиньпинни Хитойда яна бир Маданий инқилоб (Маданий инқилоб – Мао Цзедун томонидан 1966 йилда яккафикрликни зўрлаб ўтказиш бўйича амалга оширилган кампания, унинг натижасида мамлакатдаги ибодатхоналар, қабристонлар, кутубхоналар, ўқитувчиларнинг хонадонлари вайрон қилинган ва оммавий қатллар ижро этилганди) ўтказишга уринишда айблаб, танқид қилган эди. Мазкур айбловлар қўйилган мақола май ойида пайдо бўлганди.

Сюй Жанрунни Синьхуа университетида дарс беришдан четлатдилар. Унинг собиқ ҳамкасби Хе Вэфан айтишича, Сюй “мамлакатнинг орқага қараб кетишидан жуда қаттиқ ташвишда қолганини ва зиёли инсон сифатида бу борада ўз фикрини исҳор этишга мажбур эканлигини ҳис этган”. Дўстларининг таъкидлашича, январь ойининг ўзидаёқ у ўзининг мухолиф фикрларини исҳор этгани учун жазога тортилишига руҳан тайёр бўлган.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг жосуслик ҳисоботида айтилишича, Хитой расмийлари зарур медицина товарларининг захирасини яратиб олишга улгуриш учун январь ойида COVID-19 инфекциясининг авж олиши ва коронавируснинг юқумлилик даражаси ҳақидаги маълумотларни қасддан яширганлар.

Хитойлик мансабдор шахслар шифокорларга коронавирус тўғрисидаги маълумотлар билан ўртоқлашишни тақиқлаб, ундан келиб чиқадиган хавфни камайтириб кўрсатганлар. Шу билан бирга, дея хулоса қилади америка разведкаси, Хитой ҳукуматининг кўплаб хато ишлари бюрократик тўсиқлар ҳамда ахборот устидан қатъий назорат ўрнатилгани сабаблари билан изоҳланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ