Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг қайд этилган сони 5 июль кечга бориб 10 мингдан ошиб кетди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-лойиҳасида маълум қилинди. Бир кун ичида вафот этганлар сони бирданига учтага кўпайиб, 35 тага чиқди.
Касалланганлар сони бир кунда 312 тага кўпайиб, 10020 тага чиқди. Улардан 19 нафари карантинга олинганлар орасида, 121 нафарининг кўпи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳамда биттаси – халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчиси бўлган.
Коронавирусга чалинган беморларнинг ўлим ҳолатлари ўтган ҳафтадан бошлаб кўпайди, бир куннинг ичида учта ўлим қайд этилди. Тошкентда Юнусобод туманида яшовчи 49 ёшли аёл вафот этди. У бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган.
3 июль куни бемор хусусий клиникада коронавирусга таҳлил топширган. Шу куни аҳволи оғирлашгани сабабли 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Унга «икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, кома I» ташхиси қўйилган. Реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.
Яна бир пойтахтлик 45 ёшли беморда бир неча кун давомида коронавирус аломатлари сезилиб, тана ҳарорати кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик кузатилган. Аммо шунга қарамасдан, у шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмай, уй шароитида даволаниб юрган. 30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган. Беморга юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган. Реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди.
Бундан ташқари, Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган 71 ёшли аёлнинг вафоти ҳақида маълум бўлди. 30 июнь куни коронавирус аниқлангани сабабли уни Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган. Унга «юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги» ташхиси қўйилган.
Шу кунгача коронавирусдан соғайганларнинг сони 6584 тага етди, 3402 бемор даволанмоқда, карантинга 67,9 минг киши олинган.