АҚШ Сенати Ҳонгконг эркинликларини вайрон қилган Хитойга қарши санкцияларни маъқуллади

Хитойга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муаллифдоши сенатор Пэт Туми . Toomey.senate.gov сайти фотосурати

АҚШ Сенати Ҳонгконг автономияси ва эркинликларини бузувчи Миллий хавфсизлик тўғрисида қонунини қабул қилгани учун Хитойга нисбатан санкциялар киритилишини маъқуллади, дея хабар беради USA Today.

“Биз Хитой Коммуникстик партияси раҳбарияти ҳамда уларнинг маслакдошларини ушбу эркинликларни бузгани (erosion) учун жавобгарликка тортмоқчимиз”, — дейди қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, Республикачилар партиясидан сайланган сенатор Пэт Туми (Pat Toomey). Қонун лойиҳасининг бошқа муаллифи сифатида Демократлар партиясининг вакили Крис Ван Ҳолллен (Chris Van Hollen) чиқди.

Конгресс вакиллар палатаси томонидан бир овоздан қабул қилинган қонун лойиҳаси энди АҚШ президенти Дональд Трампга имзолаш учун оширилади. Ҳужжат Ҳонгконг Миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонунини тайёрлаш, қабул қилишда иштирок этган хитойлик мансабдор шахслар ва ташкилотларга нисбатан санкциялар киритишни кўзда тутади.

Бундан ташқари, санкциялар ушбу қонунга алоқадор хитойлик мансабдор шахслар ва ташкилотлар билан “йирик битимлар”ни тузиб, амалга ошираётган банклар ва бошқа компанияларга қарши қўлланади.

Хитой Давлат кенгашининг Ҳонгконг ва Макао ишлари бўйича девонхона вакили Чжан Сяомин АҚШга жавоб тариқасида Ҳонгконгга ҳам қарши санкцияларни “киритиб кўриш”ни таклиф қилди, дея хабар беради РИА “Новости”.

“Агар улар ўз мамлакатларида оммавий тартибсизликлар етарли даражада кўп эмас, деб ҳисоблайдиган бўлсалар, агар улар санкциялардан бизга қараганда ўзлари кўпроқ зарар кўришларидан ташвишланмасалар, агар улар бу билан ўз эътиборларини ўзларидаги инқирозга эмас, балки бошқа тарафга буришни истасалар, унда майли, уриниб кўришсин. Бу ҳолат бизга ўзимизнинг қароримиз нақадар жиддийлигини ҳамда ўзимизни ҳимоя қилиб, жавоб зарбасини беришга тайёрлигимизни намойиш этиш имкониятини беради”, — деб таъкидлади Чжан Сяомин.

АҚШ санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаётгани ҳақида анонс қилганида, Хитой Ҳонгконг ишига аралашаётган америкаликларга нисбатан виза чекловларни киритди. Президент қонунни имзолаши билан Хитой ҳукумати ва Ҳонгконг ҳукумати “вазиятга мувофиқ” жавоб чораларини кўрадилар, — дея огоҳлантирди Чжан Сяомин.

ХХР Миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун Ҳонгконгни Буюк Британия томонидан Хитой Халқ Республикасига топширганига 23 йил тўлган санаси – 1 июль куни кучга кирган. Ҳужжатга кўра, Ҳонгконгни Хитойдан ажратишга ҳамда Пекиннинг ушбу ҳудуд устидан ҳукмронлигини бекор қилишга қаратилган фаолият учун умрбод озодликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи жиноий жавобгарлик қўлланади.

Қонун танқидчилари таъкидлашича, ушбу ҳужжат материкдаги Хитой ҳукуматига автономиядаги оммавий чиқишлар ва эркинликларни чеклаш учун жуда кенг имкониятлар беради. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида халқ томонидан норозилик акциялари уюштирилган, норозиларни полиция қўлга олиб, ноқонуний йиғилишлар ўтказгани учун жавобгарликка тортган.

АҚШ Давлат департаменти Ҳонгконг бундай аҳволда ўзининг автономияси ва иқтисодий имтиёзларидан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Дональд Трамп 17 июнь куни Шинжон-Уйғур автоном мухториятидаги уйғурларни ва бошқа миллий озчилик вакилларини сиқувга олган чет эллик мансабдор шахсларга нисбатан санкциялар киритиш имкониятини берувчи қонун лойиҳасини имзолаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ