Самарқандда икки бошли сиам эгизаклари дунёга келди

Daryo.uz сайти фотосурати

Самарқандда икки бошли сиам эгизаклари дунёга келди. Она қорнида жуфтлашиб қолган қизалоқлар Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида кесарева (она қорнини кесиш) орқали туғилган, деб хабар беради STV.

Туғилган гўдаклар дицефал тип сиам эгизакларига мансуб бўлиб, уларнинг танаси битта, бир жуфт қўл, битта юрак, битта отқозон, иккита ўпкага эга. Гўдакларнинг вазни 4600 грамм, бўйи 48 см. STV репортажида марказ врачи Фаровон Самиев гўдаклар ҳозир доимо намлатилган ҳаводан нафас олаётгани ва аҳволи оғир эканини айтади. Шу билан бирга Kun.uz интервьюсида марказ бош врачи ўринбосари Дилшод Раҳмонов гўдакларнинг аҳволи ёмон эмаслигини айтади. «Озиқланиши, қон айланиши яхши, ҳозирда гўдаклар организмида кислород етишмовчилиги кузатиляпти. Албатта, бизлар чақалоқларнинг яшаб кетиши учун барча муолажаларни қиламиз», — дейди у.

Қизалоқларнинг онаси икки марта скринингдан ўтган — ҳомиладорликнинг 16 ва 21 ҳафтасида. Онанинг талабига кўра, болалар туғилгунга қадар онанинг қорнида қолдирилган.

Анестезиолог Собиржон Раҳмонов сиам эгизаклари 200-220 минг ҳолатда бир марта учрашини айтади. Ҳозирда врачлар чуқур таҳлиллар ўтказиш ва бу борада тажрибага эга хориж мутахассислари билан консультация ўтказишни режалаштирмоқдалар.

Тиббий тадқиқотларга кўра, сиам эгизакларининг 40 фоизи ўлик ҳолатда туғиладилар. Бундай чақалоқларнинг 35 фоизи туғилган куни ички органлар функциялари бузилиши оқибати ҳаётдан кўз юмадилар. Сиам эгизакларининг 70 фоизини қиз болалар ташкил этади.

Кейинги йиллар Ғарб мамлакатларида «сиам эгизаклари» ибораси ўрнига кўпроқ conjoined twins — «бирлашган эгизаклар» сўзи ишлатилмоқда. Мутахасисларнинг сўзларига кўра, «сиам эгизаклари» сўзи салбий маъно касб этади, негаки у тарихдаги «бебурдлар цирки» ни ёдга солади. Маълумки, ушбу циркларда ҳар хил физиологик нуқсонга эга одамлар кўнгилочар намойишларда иштирок этганлар. Айнан шундай цирк гастролларида 19-асрда Сиамлик (ҳозирда -Таиланд) эгизаклар Чанг ва Энг Банкерлар иштирок этганлар ва шундай сўнг ушбу ибора одамлар онгида ўрнашиб қолган.

Дицевал эгизакларининг болағат ёшгача етгани фактлари ҳам маълум. Бундай эгизакларнинг энг машҳурларидан бири АҚШдаги опа сингил — Эбигейл ва Бриттани Хенселдир. Улар мактаб ва коллежни тамомлаганлар, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, ўзларининг реалити-шоусида иштирок этганлар. Ҳозирда опа-сингил 30 ёшда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ