Қизил ва сариқ карантин зонасига ажратилган ҳудудларда одамларнинг кечалари сайр қилиши ман этилади

Ўзбекистондаги карантин зонаси . Kun.uz сайти фотосурати

1 июлдан Ўзбекистоннинг қизил ва сариқ карантин зонасига киритилган ҳудудларда одамларнинг соат 23:00 дан 07:00 гача кўчаларда сайр этиши ман этилади. Тиббий муассаса ва дорихонага эҳтиёжи туғилган одамлар бундан мустасно. Қолган пайт жамоат жойларида уч нафардан кўп бўлмаган ҳолда тўпланиш мумкин. Бу қоидаларни бузган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш махсус комиссияси маълум қилди, деб хабар беради Koronavirus.Info Telegram-канали.

Республиканинг барча вилоятларидаги йирик кийим-кечак бозорлари ва савдо марказлари шанба, якшанда кунлари санитария-дезинфекция ишларини олиб бориш учун ёпилади. Тошкент бозорлари учун санитария кунлари жадвал бўйича эълон қилинади, бозорларнинг ярми душанба куни ишламайди.

Қизил ва сариқ зоналарда дам олиш кунлари жамоат транспорти қатновини камайтиришга қарор қилинган. Автобус ва трамвайларда одамлардан ижтимой масофани сақлаш талаб этилади. Бундан талаб кўча ва жамоат жойларида ҳам кучда бўлади. Йирик магазинларга киришда харидорларга бепул бир марталик қўлқоплар берилиши шарт.

Хусусий автотранспортда сариқ зонада соат— 06:00 дан 22:00 гача, қизил зонада — 07:00 дан 10:00 гача ва соат 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланиш мумкин.

Тўй ва бошқа тадбирлар 30 кишилик миқдорда ўтказилишига рухсат берилади ва унда санитарния-гигиена талабларига қаттиқ риоя қилишини талаб этилади. Хостеллар, тунги клублар, компьютер ўйинлари марказлари, дискотека, караоке, спа ва массаж салонлари фаолиятига бўлган тақиқ сақланиб қолинган. Бу тақиқларни назорат қилиш Миллий гвардия, ИИВ ходимлари, санитария назорати ва Солиқ қўмитасига топширилган.

Туроператорлар ва авиаташувчилар Ўзбекистонга нафақат чет эл фуқароларини, балки мамлакат фуқароларини, фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳам келтириши мумкин, лекин улар меҳмонхоналарда карантин даврини ўтказадилар. Меҳмонхоналар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентли талабларига жавоб бериши, Миллий гвардия билан объектнинг туну-кун қўриқланиши борасида шартномага эга бўлиши керак. Шартномага кўра, бу ерда яшаётганларни ҳар куни тиббиёт муассасаси ходимлари келиб текширади.

5 июлдан коронавирусга чалинган одамлар учта категорияга бўлинади:енгил формадаги (симптомсиз), қониқарли формадаги (ҳарорати юқори бўлган) ва оғир формадаги беморлар гуруҳи. Дастлабки икки категориядаги одамларга уйда даволанишга рухсат берилади, лекин уларнинг уйлари Миллий гвардия, ИИВ ва Маҳалла вазирлиги назоратида бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 30 июнь ҳолати бўйича республикада 8298 нафар одамнинг коронавирусга чалингани қайд этилган, улардан 5496 (66%) киши тузалиб кетган, инфекциядан жами 24 та одам вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ