24 июнь куни Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари хориждан келган ўзбекистонликларни карантинга олиш мақсадида Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида барпо этилган контейнерли лагерни бориб кўрдилар. Бу ҳақда карантин зонасидаги одамларга кўмак бериб келаётган фаол фуқаро Анастасия Гладилова ўзининг Facebook-аккаунтида хабар берган.
Делегация таркибига ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Хелена Фрейзер, БМТ ташкилотининг Минтақавий офиси координатори Гулжахон Аманова, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ходими Назокат Қосимова, шунингдек, маҳаллий ҳокият ва ОАВ вакиллари кирган.
Гладилова сўзларига кўра, лагерь маъмурияти делегация аъзоларига №23 «намунавий контейнер»ни кўрсатган, кейинги контейнерлар кўрсатилмаган, чунки у томондан қизил зона бошланиши айтилган.
Ҳозирга қадар карантин зонасига ташриф буюрган бирорта халқаро ташкилот ахборот бермаган. Уларнинг ҳисоботи яқин кунларда чоп этилиши кутилмоқда.
Шунга қарамасдан, контейнер шаҳарчасига карантинга олинаётган ўзбекистонликлардан шикоятлар тўхтамаяпти. Хориждан Ўзбекистонга учиб келган ва мазкур карантин зонасига жойлаштирилган бир йигит исмини айтмаган ҳолда «Фарғона»га айрим тавсилотларни айтиб берди: уларни Тошкент вилоятига юборишдан олдин уч соат автобусда ушлаб туришган. Сув беришмаган, туалетга боришга рухсат беришмаган. Унга кўра, лагернинг ўзида антисанитария муҳити ҳукм суради, ҳаммаёқ ифлос, ходимлар қўлқопини янгиламайдилар, овқат келтиришда кўп марта ишлатиладиган идишлардан фойдаланадилар. Оз миқдорда бериладиган ичимлик суви бўйича ҳам муаммолар бор.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, у шундай шароитда 11 кун яшаган. Контейнердаги шерикларидан бирида коронавирус борлиги аниқлангач, уларга яна 14 кун қўшиб беришган. У яна бир ҳолатни гапириб берди: она ва болани келтиришган, ладерь ходимлари бола билан ҳимоя қўлқописиз копток ўйнаганлар. Кейинчалик қизалоқда COVID-19 борлиги аниқланган. Энди боланинг бу ерга келгунига қадар ёки шу ерда вирусни юқтиргани номаълум. Шунингдек, информаторни маъмурият ходимларининг одамлар билан «гапинг бўлса, ташқарида гаплашамиз» қабилида «кўча болалари»дек гаплашиши ҳайрон қолдирган.
Контейнер лагерида ҳукм сураётган бу каби вазиятга боғлиқ хабарларни «Фарғона» бундан икки ой олдин ҳам ёритганди.Бироқ, икки ҳафта оғир контейнер шароитида яшашга маҳкум одамларнинг шикоятлари тўхтамаётганидан муаммолар ҳал бўлмагани кўриниб турибди.