Ҳокимнинг COVID-19 қурбонига доир видеомурожаати ўчириб ташланган

Бахтиёр Ибатов . Turon24.uz сайти фотосурати

Сурхондарё вилояти, Денов тумани ҳокимияти ҳоким Бахтиёр Ибатовнинг коронавирусдан бир инсон ўлгани тўғрисидаги видеомурожаатини ўчириб ташлаган. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.

Видео 21 июнда туман ҳокимиятининг Telegram-каналида эълон қилинган. Унда Ибатов 20 июнь куни туманда истиқомат қилган бир инсон COVID-19 дан ўлганини айтган. Ҳокимнинг сўзларига кўра, ўлган инсон билан мулоқотда бўлган 187 нафар киши карантин назоратига олинган, уларнинг олтитасида коронавирус борлиги аниқланган. Шу боисдан ҳоким Ибатов деновликлардан коронавирус инфекциясидан сақланиш учун ўрнатилган талабларга риоя қилишни сўраган. Орадан бир неча соат ўтиб ҳокимнинг видеомурожаати каналдан ўчириб ташланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Kun.uz га ҳоким Ибатовнинг берган маълумотларини тасдиқламаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, республикада коронавирусга чалинишнинг 6358 та ҳолати қайд этилган. Пандемия бошланганидан бери ушбу инфекциядан 4377 киши тузалиб кетган, 19 та одам ўлган. Вафот этган ўн тўққизинчи одам самарқандлик бўлиб, у май охирида Санкт-Петербургдан учиб келган. Эркак оғир касалликлар — ўткир лейкоз, сурункали анемия ва нафас олиш етишмовчилиги касаллигидан дард чеккан. Жаҳон соғлиқни сақлаш такилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирусдан ўлиш кўрсатгичи ўртача

5,3 фоизни ташкил этади, Ўзбекистонда бу кўрсатгич бор-йўғи 0,3 фоиздан иборат.

Республика ҳукумати 16 мартдан мамлакатда карантин ҳолатини жорий қилди. Чегаралар беркитилди, ўқув юртлари, ноозиқ-овқат бозорлари, масжидлар, кафе ва ресторанлар ёпилди. 20 апрелдан президент Шавкат Мирзиёев эпидемиологик вазият яхшиланган ҳудудларда карантин чекловларини юмшатишга доир топшириқ берди. Май ойи ўртасидан Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескинлашиб кетди, июнь бошида эса бир кунда касалланиш бўйича рекорд ўрнатилди – бир суткада COVID-19 га 237 та одам чалингани аниқланди ( бундан олдин энг кўп инфекцияга йўлиқиш 14 апрель куни қайд этилганди— 167 та ҳолат). 16 июнь куни Мирзиёев мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашганини тан олди ва COVID-19 нинг енгил ёки симптомсиз шаклига йўлиққан одамларни карантинга ётқизиш амалиётини тўхтатишга топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ