Тошкентнинг 70 дан зиёд маҳалласи “қизил” тоифали ҳудуд дея эълон қилинган

Iibb.uz сайти фотосурати

Тошкентнинг 71 та маҳалласи эпидемиологик нуқтаи назардан “қизил” ҳудудга киритилиб, у ерларда кириш ва чиқиш жойлари ёпилди. Бундан ташқари, “Малика” савдо маркази, Юнусобод деҳқон бозори ва Учтепа туманидаги “Ўрикзор” савдо комплексининг фаолияти тўхтатилди, дея хабар берилади Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг сайтида.

“Қизил” маҳаллаларга кириш ва чиқиш жойлари ёпилди ва стационар постлар ўрнатилиб, у ерда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, Миллий гвардия хизматчилари ва санитария-эпидемиология назорати хизмати ходимлари навбатчилик қилишади. Шунингдек, маҳаллалар ҳудудларида суткалик навбатчилик ташкил қилинади ва қатъий назорат ўрнатилади.

Эпидемиологик хавф бўйича “қизил” тоифага киритилган Тошкент маҳаллалари Миробод туманида – «Файзобод»; Мирзо Улуғбек туманида – Х. Абдуллаев номидаги, «Оққўрғон», «Авайхон», «Янги Авайхон», «Шўртепа»; Юнусобод туманида – «Тикланиш», «Туркистон», «Халкабоғ», «Ифтихор», «Нурмакон», «Оқтепа», «Шарқ ҳақиқати», «Собиробод»; Яшнобод туманида – «Кўксарой», «Қўйлиқобод», «Гўзал», «Машинасозлар», «Тонг», «Катта-Қўйлик», «Ўрта Масжид»; Учтепа тумани: «Боғистон», «Нишабарик», «Дегрез», «Такачи», «Хайратий», «Ўрикзор», «Кўркамобод»; Яккасарой тумани: «Муқимий», «Қушбеги»; Шайхонтоҳур тумани: «Шодлик», О. Хужаев номидаги, «Боғкўча», «Камолон», «Чақар», «Жангоҳ», «Янги Белтепа», «Гулобод», «Зафаробод», «Эшонгузар»; Сергели тумани: «Ҳабибий», «Янги Сергели», «Эзгулик», 8-чи ва 9-чи саноат ҳудудлари; Олмазор тумани: «Шодиёна», «Истиқбол», «Ниҳол», «Ёшлик», «Чиғатой Оқтепа», «Гулзор», «Аҳил», «Гуруч ариқ», «Ислом ота», «Чуқурской», «Себзор», «Хончорбоғ», «Қуштут», «Эски шаҳар», «Университет», Мирзо Ғолиб номидаги, «Аллой», «Олимпия», «Шифокорлар»; Бектемир тумани: «Бинокор», «Абай»; Чилонзор тумани: «Қатортол», «Катта Қозиробод», «Катта Чилонзор-2», «Гулистон», «Якка тут».

“Қизил” тоифасидаги ҳудудда яшовчи фуқароларга уйдан фақат озиқ-овқат ва дори маҳсулотларини харид қилиш учун чиқишга рухсат берилади. Шу билан бирга албатта тиббий ниқоб тақилиши шарт.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган йиғилишда “коронавирус атрофидаги вазият борган сари мураккаблашиб бораётган пайтда пандемияга қарши курашда ҳушёрлик ва масъулиятни оширадиган фурсат етиб келганини” тан олди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 18 июнь эрталабгача мамлакатда коронавирус инфекцияси юқтириб олинишининг ҳолатлари 189 тага кўпайган (бир кун олдин – 230 та) ва 5682 кишига етган. Шу жумладан, карантин ҳудудларида – 169 та, аҳоли ўртасида – 13 та (шу жумладан, Тошкент шаҳрида – бешта, Тошкент ва Бухоро вилоятларида – учтадан, Сурхондарёда — иккита), яна етти нафар хорижий мамлакатлардан кириб келган юк машиналарининг ҳайдовчиларига тўғри келяпти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ