Трамп уйғурларни сиқувга олгани учун Хитойга қарши санкциялар киритишга рухсат берди

Дональд Трамп. Whitehouse.gov сайти фотосурати

АҚШ президенти Дональд Трамп 17 июнь куни Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги уйғурларни ҳамда бошқа майда миллат вакилларини сиқувга олгани учун чет эллик давлат амалдорларига қарши санкциялар киритишни рухсат берувчи қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар берилган.

S. 3477 қонуни (2020 йил уйғурларга нисбатан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсат тўғрисидаги қонун) Хитойдаги озчиликни ташкил этувчи мусулмон этник гуруҳларини сиқувга олинишини қоралайди ҳамда “санкциялар қўллаш ваколати” шартларига таъриф беради.

Ҳуқуқларнинг бузилиши қаторида Трамп “Хитойдаги уйғурлар ва бошқа этник озчиликка нисбатан тарбия лагерларидан фойдаланиш, мажбурий меҳнат ҳамда миллий ўзига хослик ва диний эътиқодларни йўқ қилиш учун ўрнатилган мунтазам назорат”ни тилга олиб ўтди.

Олдинроқ қонун лойиҳаси конгресснинг вакиллар палатаси ва Сенати томонидан маъқулланган эди. Конгресс томонидан қабул қилинган ҳужжат АҚШ президент зиммасига Шинжондаги Коммунистик партиясининг биринчи котиби ва Хитой Коммунистик партияси Сиёсий бюросининг аъзоси Чэнь Цюаньгога нисбатан персонал санкцияларни киритиш мажбуриятини юклайди.

Шу билан бирга, Трамп қонуннинг олтинчи бўлими номақбул санкцияларни бекор қилиш бўйича унинг эркинлигини чеклаётганини ва бу айрим ҳолатларда президентнинг конституциявий ваколатларига мос келмай қолишини қайд этиб ўтди. Шу муносабат билан президент администрацияси қонуннинг ушбу қисмига риоя қилишга ҳаракат қилади ҳамда санкцияларни тўхтатилиши тўғрисида конгресс қўмиталарини хабардор қилиб туради, бироқ олдиндан хабардор қилишлик тўрисидаги низомни агар у “президентнинг дипломатик ҳаракатларига” халақит берадиган бўлса, бажаришга мажбурий эмас, балки тавсия сифатида кўради.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида сўнгги бир неча йиллар давомида одамларни диний эътиқоди (Исломга мансублик) ва этник аломатларига қараб таъқиблар кучайиб кетди. Ушбу таъқиблар уйғурларга, шунингдек, қирғизларга ҳамда қозоқларга нисбатан қўлланмоқда.

Кўпчилик сохта ва тўқима айбловлар билан қўлга олиниб, “қайта тарбиялаш лагерлари” дея аталувчи ҳудудларга қамаб қўйилди (БМТ маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг сони бир миллиондан ошиб кетди, лагерларнинг сони эса тахминий хулосаларга кўра бир неча юзлаб ҳисобланади). Мусулмонларга ўзларининг диний эътиқод бўйича мансублик аломатларини намоён этиш тақиқлаб қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ