Пандемия туфайли Президент мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш ишлари келаси йилга қолдирилди

Президент мактабидаги компьютер синфи . President.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда бу йили коронавирус пандемияси туфайли Президент мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш амалга оширилмайди. Кириш имтиҳонлари 2021 йилга қолдирилди, дея хабар беради «Таълим» Telegram-канали.

Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида фаолият юритаётган Президент мактабларига 2020/2021 ўқув йилига ўқувчиларни бешинчи синфларга қабул қилиш имтиҳонлари 2021 йилга қолдирилиб, 2021/2022 ўқув йилида ўқувчилар бешинчи ва олтинчи синфларга қабул қилинади.

Бухоро, Жиззах, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида очиладиган Президент мактабларига (бешинчи синфдан ўнинчи синфгача) ҳамда жорий йилда очилиши режалаштирилган Сурхондарё вилоятидаги Рўзи Чориев ва Бухоро вилоятидаги Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактабларига (еттинчи синфдан) ўқувчилар қабули келгуси йилда ўтказилади.

Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар, яъни Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номларидаги ихтисослаштирилган мактабларга 2020/2021 ўқув йилига ўқувчиларни қабул қилиш масаласи очиқ қолган. Бунга доир ҳукумат қарори кейинчалик эълон қилинади.

Президент, ижодий ва ихтисослашган мактабларни ривожлантириш агентлигига кўра, президент мактабларига қабул имтиҳонларининг келаси йилга қолдирилишига сабаблардан бири — Ўзбекистонда жорий этилган карантин туфайли Cambridge Assessment ташкилоти мутахассисларининг мамлакатга келолмаслигидадир.

2018 йил ноябрда Қароқалпоғистон Республикасига ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир вилоятда янги типдаги президент мактабини очиш ғоясини илгари сурганди. Орадан уч ой ўтиб бу борада маҳсус қарор қабул қилинди. Бу каби мактаблар иқтидорли, талантли болаларни тарбиялаш, улардаги бор илмий салоҳиятни рағбатлантиришга хизмат қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ