Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимлиги Шота Руставели кўчасида жойлашган смузи-бар эгасининг зиммасига гимнаситкага оид машқни намойиш этаётган ярим яланғоч қизнинг сурати туширилган арт-баннерни олиб ташлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда “Эффект Макаренко” Telegram-канали муассаса эгасига таянган ҳолда хабар беради.
Repost.uz туман ҳокимлиги матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, баннерни олдириш ташаббуси туман ҳокимлиги ҳузуридаги маънавият бўйича махсус комиссия томонидан чиққан.
Ҳокимиятдагиларнинг изоҳ беришича, гимнастикачи қизнинг тасвири ахлоқий тамойилларга зид келади ва шунинг учун комиссия арт-суратни устига қоплама қилмай, девордан бутунлай олиб ташлашни талаб қилган. Смузи-бар деворидаги баннер олиб ташланаётган фурсат ҳужжатлаштириб қўйилган.
Қайд этамиз, Ўзбекистондаги қатор вазирликлар ва идоралар, масалан, “Ўзбекконцерт” доимо маънавият тўғрисида қайғуриб келади. Артистларга республика саҳналарида концертлар билан чиқиш ҳуқуқини тақдим этувчи лицензиялар берадиган бу бирлашма “ахлоқ ва миллий анъаналарга мос келмайди”, “ахлоқсиз сиймо”, “номақбул хулқ-атвор” каби ибораларни тез-тез ишлатиб туради. Давлат амалдорларининг чиқишларида “ахлоқ”, “маънавият” ёки бу сўзларнинг тескариси бўлган “ахлоқсизлик” ва “маънавиятсизлик” деган иборалар тез-тез учраб туради. Мисол учун, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг раҳбари Элмира Боситхонова мамлакат бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажараётган пайтида Тошкент бозоридаги сотувчи аёлларни маънавиятсизликда айблаган эди.