Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020-2021 ўқув йилига республика олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг янги квоталарини тасдиқлади. Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклининг биринчи босқичига – 103 575 нафар абитуриентлар кира оладилар, бу 2019 йилга нисбатан 23145 та ўринга кўпроқ. Магистратурада ўқишни давом эттириш имконияти 10 425 нафар талабага тақдим этилади, бу эса ўтган йилга нисбатан 1730 та ўринга кўпроқ.
Сиртқи ва кечки таълим шаклига – 31 350 ва 5 025 нафар абитуриентлар қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
Абитуриентлар ҳужжатларини Давлат хизматлари марказлари орқали, барча ҳудудларда – Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази) расмий веб-сайти орқали амалга оширишлари мумкин бўлади. Магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш учун ҳуэжат топшириш www.edu.uz сайти орқали амалга оширилади.
Бакалавриятга абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар (20 июль куни ҳам), магистратурага эса 1 июлдан 30 июлга қадар амалга оширилади. Келаётган ўқув йилида Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.
2020 йилда кириш тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади. Тест синовларидан мажбурий предметларни (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи) олиб ташлаш тўғрисидаги қарор ҳукумат томонидан коронавирус инфекцияси эпидемияси муносабати билан қабул қилинган.
Бундан ташқари, бу йил абитуриентларга кириш имтиҳонларида маълумотнома материалларидан, мисол учун кимё фанидан – Менделеев жадвалидан, физика фанидан – ўзгармас физик катталиклар жадвалидан фойдаланишга рухсат берилади. Умуман олганда, имтиҳон вазифалари соддалаштирилади.
Республика бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаевга тақдим этган маълумота қараганда, бу йил 1,27 миллиондан зиёд аризалар келиб тушиши кутилмоқда. Фарғона вилояти Сўх тумани ёшлари учун 500 ўринли алоҳида квота ажратилди.