МИБ ходимларига ўт қўймоқчи бўлган самарқандлик аёл қамалишдан қутилиб қолди

Kun.uz фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Дилором Розиқовани айбдор деб топиб, унга нисбатан бир йилу етти ой муддатга озодликдан чеклаш ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда Gazeta.uz республика Олий суди матбуот хизматининг раҳбари Азиз Абидовга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Шу йилнинг январь ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларига ўт қўйишга уринган Дилором Рўзиевага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 219 — моддаси иккинчи қисми бўйча (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) айблов қўйилди.

Олдинроқ хабар берилганидек, МИБ ходимлари даъвогар шаҳар ҳокимлиги ва қўшимча даъвогар “SV” МЧЖ фойдасига жавобгар — 1978 йилда туғилган Дилором Рўзиевани уй-жойдан чиқариш юзасидан ижро ҳаракатларини олиб боришган. Улар фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги йилдаги ижро ҳужжатига асосан жавобгарнинг Самарқанд шаҳри, Навоийшоҳ кўчасидаги уйига келишади. Розиқованинг уйи бузилиши ва унинг ўрнида тўрт қаватли янги уй қурилиши режалаштирилаётган бўлган. Бузилаётган уйларнинг эгаларига бошқа хонадонлар таклиф этилган, бироқ ҳамма ҳам уйларини тарк этишга рози бўлмаган.

Хусусан, Розиқова ҳам ўз уйини тарк этишдан бош тортган, уй деворларига ва МИБ ходимларининг устига бензин сепган. Кейин қўлида ёниб турган сочиқни уларнинг устига улоқтириб юборган. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бошқармасининг 2020 йил 22 январь куни расмий баёнотида айтилишича, содир бўлган ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган, ёнғин ўша заҳоти ўчирилган.

Ўзбекистонда МИБ тузилганидан бери унинг инспекторлари фуқаролар томонидан содир этилаётган тажовузларга тез-тез дуч келиб турадилар. Ушбу муассаса ташкил этилганидан бери унинг 200 нафардан зиёд ходимлари турли жароҳатларни олдилар, тўрт нафари эса хизмат вазифасини бажараётганида ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ