Ўзбекистон ҳукумати мигрантларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш ва уларга хорижий давлат томонидан пенсия тайинланиши масаласи бўйича Россия, Қозоғистон ва қатор бошқа давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Spot.uz хабар беришича, бу ҳақда журналистларга республика Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг ўринбосари Нуриддин Шодиходжаев маълум қилган.
Мулозимнинг таъкидлашича, бундай келишувлар Қирғизистон ва Озарбайжон билан аллақачон тузилган. Ҳужжатларга кўра, бошқа давлатларда қонуний асосда ишлаган фуқаро уларнинг ҳар биридан пенсия олиш ҳуқуқига эга. Масалан, агар Ўзбекистон фуқароси Озарбайжонда ўн йил, ўз юртида эса беш йил ишлаган бўлса, ҳар икки давлат унга тегишли меҳнат даври учун пенсия тўлайди.
Шодиходжаев пенсияни шакллантиришнинг асосий шарти мигрантнинг расмий ишлаган бўлиши эканини таъкидлади. Фақат шу ҳолатдагина меҳнат стажи ҳисобга олинади ва келажакдаги пенсия тўловлари миқдорига таъсир қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари хорижда ишлаб юрган бўлсалар ҳам, Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда бадаллар тўлаш имкониятига эга. Ватанга қайтганларидан сўнг, агар уч йил давомида хорижда бўлган вақти учун ҳар бир йилга бир базавий ҳисоблаш миқдори — 440 минг сўм ($37) миқдорида ижтимоий солиқ тўласалар, ўтган даврлар меҳнат стажига қўшишлари мумкин.
Жорий йил июль ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисида келишув имзолагани хабар қилинган эди. Ушбу келишув қўшни республикалар фуқароларининг қаерда — қайси давлатда расмий ишлаганидан қатъи назар, пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бунда пенсия тўловлари миқдори тегишли давлат қонунчилиги асосида белгиланади. Меҳнат стажи, иш ҳақи ва суғурта бадаллари каби мезонлар ҳисобга олинади.
Тошкент учун Россия ва Қозоғистон билан шунга ўхшаш ҳужжатларни имзолаш долзарблиги бу давлатларда кўп сонли ўзбекистонликлар меҳнат қилаётгани билан боғлиқ. Масалан, 2026 йил сентябрь ойида келтирилган статистикага кўра, хорижда қарийб 1,4 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи — 834 мингдан ортиқ киши — Россияда, яна қарийб 84,5 минг киши Қозоғистонда ишлайди.
Россия аксари Марказий Осиё мигрантлари учун ишлаш мақсадида танланадиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун минтақа давлатлари учун Москва билан пенсия келишувларининг аҳамияти катта. СССР парчаланганидан сўнг Россия ҳукумати МДҲ давлатларидан келган ва Россия паспортини олган мигрантларга, улар суғурта ва бошқа бадалларни қаерда тўлаганидан қатъи назар, пенсияларни расмийлаштириб, тўлаб келган. Бироқ, 2023 йилда ушбу тартибни белгилаб берувчи ҳужжат ўзининг юридик кучини йўқотди.
Шундан сўнг Россия алоҳида келишувлар тузишни бошлади. Жумладан, Қирғизистон ва Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи иштирокчилари билан тегишли келишув доирасида яна «пенсия дастури» бўйича ҳамкорларга айландилар. Яъни ушбу Марказий Осиё республикаларидан Россияга кўчиб келганларнинг СССР давридаги ва давлат мустақиллигига эришилганидан кейинги меҳнат стажи — 2021 йилгача (Россиянинг МДҲ давлатлари билан келишувни денонсация қилиш жараёни бошланган давр), шунингдек, Россия ҳудудидаги меҳнат фаолияти ҳам ҳисобга олинади.
Тожикистоннинг Россия билан алоҳида келишуви мавжуд бўлиб, унга кўра, Россия пенсияни ҳисоблашда мигрантнинг аввалги яшаш жойи ҳудудида орттирган бутун меҳнат стажини ҳисобга олади.
Россия ва Ўзбекистон ўртасида бундай келишувлар ҳозирча мавжуд эмас. Гарчи томонлар бир неча йилдан буён ушбу масала бўйича турли даражаларда музокаралар олиб бораётган бўлса-да.



