Ўзбекистон Маданият вазирлиги ГАИ ходимларидан узр сўраган ҳажвчиларнинг ёнини олди

Sho'rdanak ҳажвия гуруҳининг видеоролигидан кадр

Ҳажвия, сатира, аския борасида санъат ва ижодни чегараламаслик керак, негаки бу жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги Ахборот хизмати тарқатган баёнотида сўз юритилади.

Маданият вазирлиги мутасаддилари Qalpoq ва Sho’rdanak ҳажвий гуруҳларининг ИИВ ходимлари ҳақида қилинган юмористик роликлар учун кечирим сўрагани акс этган республика ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати томонидан »Ҳазилнинг таги «зил» бўлмасин» деб номланган видео ролигини шарҳладилар. “Агар кимнидир шахсиятига тегишган бўлса, ИИВ судга берсин. Улар ўз ишини қилган! Юмор қилди, кулдирди”, — дея қайд этдилар Маданят вазирлигидагилар.

“Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, уни хал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди. Шундай экан, унда нима учун бу ҳазиллар ўринли қабул қилинмайди”, — деган саволлар вазирликда қўйилди.

Вазирликдагилар агар хажвия бирон бир шахсга тегишли бўлиб, уни камситилишига қаратилган бўлса, бундай ижодларни қўллаб-қувватламасликларини таъкидладилар. Бироқ шу билан бирга, миллий маданият учун комедия жанрининг муҳимлигини қайд этиб ўтдилар.

Зеро, ҳох хажвия, ҳох драма, аския ҳамда сатира орқали жамиятдаги иллатларни даъволашга қаратилган мавзулар ёки воқеалар намоён этилса, уни ҳеч нарса билан йўқ қилиб бўлмайди. “Ижтимоий иллатларнинг кулгили танқиди бўлган сатира ўзбек халқ ижодида ҳам кенг тарқалган. Насриддин афанди, Алдар кўса каби тўқима образлар ҳажвий, миллий қаҳрамонлар ўз замонасининг иллатларини халқ орасида аскиялар ва хажвиялар билан намойиш этишган”, — дейилади хабарда.

Хуллас, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди, — дея хулоса қилдилар вазирликдагилар.

Шўрданак гуруҳининг апрель ойида чиққан сонида йўл-патрул хизмати ходимлари танқид қилинган ҳажвия намойиш этилганди. Уларнинг биринчисида инспектор ҳайдовчига содир этилмаган иккита қоидабузарликдан биттасини танлашни таклиф қилади. Иккинчисида эса тез ёрдам ва ўт ўчириш машинаси кузатувида кетаётган енгил автомашина эгаси йўл-патруль хизмати ходимига кунига икки мартадан тўхтатиб, аптечкангиз борми, огнетушителингиз борми деган саволларидан зериккани ҳақида гапириб, “мана, биз комлект бўлиб кетяпмиз” дея тушунтиради.

ЙПҲББ видеоролигида ҳажвчилар ГАИ ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун ички ишлар органлари ходимларидан кечирим сўрадилар. Энди ички ишлар ходимлари ҳақида ҳажвия тайёрлайдиган бўлсак, унинг орқасида нима ётганини ўйлаб дастур қиламиз, деб ваъда бераман. Хатоликлар учун афсусдамиз, пушаймондамиз», — дейди “Шўрданак” кўрсатуви иштирокчиларидан бири.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ