Ўзбекистон ҳукумати жисмоний шахс даромади солиғидан озод қилинган ўзини ўзи банд қиладиган шахслар фаолият турларини уч баробарга кенгайтирди. Кенгайтирилган рўйхатга — косметологлар, рассомлар, фотографлар, дизайнерлар ва бошқалар киритилди. Ҳужжат 2020 йил 1 июлдан кучга киради, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.
Шунингдек, янги рўйхатда қуйидаги пунктлар кўрсатилган: кадрлар йиғиш фаолияти; онлайн-маслаҳат; таржимонлик хизмати; ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менежер, товар ва хизматларни тарғиб қилиш хизмати (SMM), саҳифа администратори; дастурий таъминотни техник қувватлаш ва ишлаб чиқиш; матнларни тайёрлаш ва қайта ишлаш (копирайтер, рерайтер, корректор ва бошқалар); экскурцияларни уюштириш хизмати; реклама буклетларини тарқатиш; маҳсулотларни тайёрлаш ва реализация қилиш (айрон, қурт, гўжа, нон); калитлар тайёрлаш ва ҳаказолар. Таксичилар ушбу рўйхатга кирмаган.
Жами рўйхатга ўзини ўзи банд қилишнинг 67 та тури киритилган. Аввалги реестрда уларнинг сони 24 пунктдан иборат эди.
Фрилансерлар даромад солиғини тўламайдилар, лекин улар ижтимоий солиқдан озод этилмаганлар. Ўзини ўзи банд этган шахслар 2020 йилда ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ҳозирда ушбу сумма 111 500 сўмни ($11) ташкил этади. Маблағ тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.
Бундан олдин Давлат солиқ қўмитаси 1 июлга қадар ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун махсус илова ишлаб чиқишини маълум қилганди. Унда фрилансерлар буюртма қабул қилишлари, тўлов ўтказиши ва юридик шасхлар учун электрон-фактурани тақдим этиш имконига эга бўладилар. Бундан ташқари, фрилансерларнинг Ўзбекистон норезидентларидан хизмат ёки иш учун хориж валютасида ўзбек банклари орқали тўлов қабул қилишларига рухсат берилди.