Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги Самарқанд вилояти, Нарпай тумани ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев билан меҳнат шартномасини бекор қилди. Йўлдошев ўқитувчиларни ҳожатхонани тозалаш ва таъмирлаш ишларига мажбур қилгани учун ишдан олинди, деб хабар беради Daryo нашри.
Нарпай туманида педагоглар туалетларни тозалашга мажбур қилинаётгани май ойида аён бўлганди. Оммавий ахборот воситаларида мазкур воқеага доир хабарлар тарқаганидан сўнг вазирлик текширув ўтгазган ва унда Йўлдошев мактаб директорларини ишдан ҳайдаш таҳдиди билан жамоат ишларига мажбурлагани аниқ бўлган. Бу маълумотни № 33 мактаб директори Зуҳра Даминова ва яна бешта мактаб раҳбарлари тасдиқлаган.
Йўлдошев 8 июнь куни ишдан ҳайдалган. Туман ХТБ мудири билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди (Тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари)га биноан бекор қилинган. 7 июнь душанба куни Самарқанд вилояти меҳнат инспекцияси Йўлдошевнинг педагогларни мажбурий меҳнатга сафарбар қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан 11,1 млн сўм ($1,1 минг) жарима солинганини маълум қилди.
Daryo нашрининг май ойи материалида ўқитувчиларни жамоат ишларига мажбурлаган туман ҳокими Ботир Жаббаров ҳақида сўз юритилганди. Бундан ташқари, мазкур топшириқ ижросини назорат қилиш комиссиясига туман ҳокими ўриносари Асқар Рустамов ва касаба ташкилоти вакили Муҳаммад Жумаевлар борлиги ҳам айтиб ўтилганди. Уларга нисбатан чора кўрилгани ёки кўрилмагани тўғрисида маълумот берилмаган.
2018 йили ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга қарши қатор қарорларни қабул қилди. Унда давлат ташкилоти ходимларини қурилиш-таъмирлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жамоат ишларига мажбурлаш тақиқланади. 2019 йили президент Шавкат Мирзиёев одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш комиссиясини ташкил этди. Одамларни маъмурий ишларга жалб қилиш учун бериладиган жарималар миқдори ўн баробарга оширилди.