Сўх туманидаги сув муаммосини ҳал этишга 25 миллиард сўм сарфланади

Сўх . «Фарғона» архиви фотосурати

Фарғона вилояти Сўх туманидаги мавжуд сув қувурларини таъмирлаш ва янгиларини қуриш учун жорий ва келаси йилда 25 млрд сўм ($2,5 млн.га яқин) миқдорида маблағ сарфланади. Эксклавнинг 90 фоиз аҳолиси ичимлик суви билан таъминланади, деб хабар беради Фарғона вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг матбуот хизмати.

Шу давр мобайнида коммунал хўжалиги томонидан 30,5 км ичимлик суви қувури тортилади, 11 та гидрообъект реконструкция қилинади, 9 та қудуқ қазилиб, 500 куб метр хажмдаги сув сақлаш резервуари таъмирланади. Бу борадаги ишлар шу йилнинг июль ойида бошланади.

Ўтган йили Сўхда «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида 6 км сув тармоқлари бунёд этилган, вилоят коммунал хўжалиги ёрдамида яна 9 км сув қувури тортилган. Натижада 1,5 мингта одам ичимлик суви билан таъминланган.

Сўх тумани — Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди бўлиб, ҳар томонидан Қирғизистон билан ўралган. 31 май куни икки давлат фуқаролари ўртасида жанжал бўлиб ўтди. Бунга булоқ сувидан фойдаланиш сабаб бўлган. Натижада 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 та қирғизистонлик жабрланган.

Воқеа жойига Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев етиб келган. Сўх аҳолиси ҳокимни ғазаб билан кутиб олган, унга ишонмаслигини билдирган. Кейинчалик сўхликлар бу ерга келган Бош вазир Аббулла Арипов билан учрашувда вилоят раҳбариятини ўзгартиришни талаб қилганлар. Бироқ, кейинчалик Бош вазир жанжалнинг ҳал этилишида Ғаниев ролини юқори баҳолайди.

3 июнда Сўх ҳокимиятидаги Арипов билан учрашувда эксклавни келажакда гуллаб-яшнайдиган масканга айлантирилиши эълон қилинди. Бу мақсадда туманга 1 трлн сўм (деярли $100 млн) миқдорида маблағ ажратилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ