Мирзиёев муҳтож оилаларга $100 миллиондан ортиқ миқдорда ёрдам кўрсатишга топшириқ берди

Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча ажратилган 992 миллиард сўм маблағни ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармасидаги 70 миллиард сўм қолдиқни (жами 104,7 миллион АҚШ доллари) муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берди, қўшимча моддий ёрдам 235 мингдан зиёд оилага тарқатилади. Камбағалликка қарши курашга бағишланган вилеоселектор мажлисида президент томонидан мана шунда топшириқ берилди.

Марказий банкка пул айланмаси етарлича бўлмаган корхоналарни аниқлаш, туманлар ва шаҳарлар раҳбариятига ўта муҳтож оилалар рўйхатини тузиш вазифаси берилди.

Камбағаллик чегараси ва мезонларининг жаҳон амалиётида тан олинган 4 та ҳисоблаш усули Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани мисолида синовдан ўтказилиши белгиланди.

Карантин чораларини юмшатиш натижасида 17 мингдан зиёд саноат ва 10 мингта қурилиш соҳасидаги корхоналар фаолияти тикланди. Лекин уларнинг кўпида маблағ оқимлари карантингача бўлган даврдагига нисбатан 3 баравар камайиб кетган.

Ўзбекистонда пандемия туфайли ишсизлар сони кўпайди, 450 мингга яқин оилалар даромади пасайиб кетди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 540 мингта олига 307 миллиард сўмлик ($30,2 млн) кўмак берилди.

Мирзиёев асосий мақсад камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаб, уларни муҳтожликдан чиқариш, шунинг учун ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш зарурлигини таъкидлади. Шунинг учун ҳам “рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пандемия оқибатларини юмшатиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурига қўшимча 1 триллион сўм маблағ ажратилди. Умуман олганда эса, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм ($394 млн дан кўпроқ) маблағ йўналтирилмоқда.

2020 йилда саноат соҳасида 7,5 мингта ҳудудий лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 145 минг нафар камбағал аҳолини ишга жойлаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, қиймати қарийб 11 миллиард доллар бўлган 206 та йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириб, 31 мингдан зиёд юқори даромадли иш ўрни яратиш чоралари белгиланган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Мирзиёев ишсизлик даражаси юқори, инфратузилма тармоқлари етишмайдиган туманлар, айниқса, чегарадош ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича алоҳида ёндашув бўлиши кераклигини таъкидлади.

Солиқ тўловчи тадбиркорларга ва пенсионерларга пандемия даврида қатор имтиёзларнинг тақдим этилиши, шу жумладан, жисмоний шахсларнинг даромадига тўланадиган солиқни фоизсиз кечиктириш ҳамда ортиқча тўланган пенсиялардан қарздорлик суммасини ундиришни бекор қилиш кўзда тутилган. “Саховат ва кўмак” жамғармаси муҳтожларга ёрдам бериш учун тўзилган бўлиб, уни тўлдириш мақсадида давлат ва бюджет ташкилотлари ходимларидан пул йиғиштирилаётгани учун бир неча бор танқид қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ