Ўзбекистон назорат-ўтказиш пунктида қолиб кетган тожикистонликлар очлик ва антисанитария шароитидан шикоят қилдилар

Ўзбекистон чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар . "Астана" каналидан олинган кадр

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 200 нафардан зиёд тожикистонликлар карантин туфайли уйларига қайта олмай, Ўзбекистон чегарасида қолиб кетганларига икки ойдан кўпроқ вақт ўтиб кетди. “Астана” телеканалининг репортажида ўзбекистонлик божхона хизматчилари чегарадан ўтказмаётган Тожикистон фуқароларининг ўрнашган очиқ жойдаги санитарияга мутлақо мос келмайдиган шароит ҳамда вафот этган одамларнинг жасадлари чириши оқибатида таралаётган қўлланса ҳидлар ҳақида гапирилган.

Чегараолди ҳудудида яшаётган меҳнат мигрантларига кўра, бу ерга май ойининг охирида Россиядан тожикистонлик ишчининг жасадини келтиришган. Бироқ чегарачилар “200 рақамли юк” – рух билан қопланган тобутни чегарадан ўтказмадилар ва натижада мурда у қуёш остидаги тобут ичида чириб ётган. Юртдошлар майитни Жетисай қабристонига кўмишга мажбур бўлганлар.

Ораларидан нафақат меҳнат мигрантлари, балки аёллар, болалар ва ногиронлар ҳам бор бўлган тожикистонликлар автотураргоҳда яшашга мажбур бўлиб, картон устида ухлаяптилар ва ювинишга сув топа олмаяптилар.

Умар Ҳамидовга кўра, бу ерда 100 кишига мўлжаллаб овқат тайёрланади. “100 нафар атрофидаги одамлар овқатланадилар, қолганлари оч қолишади. Бу ерда ҳатто ҳомиладор аёллар ҳам бор. Уларнинг ўзлари ахлат пакетларидан ўзларига чодирлар ясаб олишган. Болалар кир, ювинман, баъзилари 20 кунлаб чўмилмаган”, — дея маълум қилди Ҳамидов.

Тожикистонликларга маҳаллий волонтёрлар озиқ-овқат, кийим-кечак олиб келиб, ёрдам беришмоқда, бироқ улар бу ишга давлат ҳам аралашишини кутишмоқда. “Ахир кимдир бизга ёрдам бериши керакку? Ахир бизнинг Тожикистон дея аталувчи ўз давлатимиз борку?! Энди нима қилайлик, шу ерда қолиб кетаверайликми?! Биз уй-уйларимизга, яқинларимизнинг бағрига қайтишни истаймиз. Бироқ бизнинг вакилларимиз фақат битта гапни топиб олишган: “Кутинглар! Кутинглар!”, дея аччиқланади Бегали Халкаров.”

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси Хайрулло Ибодзода ватандошлар бир неча кундан кейин уйларига қайтадилар деб билдирди. Дипломатлар Ўзбекистон расмийларидан чегарадан ўтишга рухсат олишга уринишмоқда.

“Қозоғистон томонидан рухсат олинди. Душанбедан рухсат олинди. Мана энди ҳозир Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан келишувга ҳаракат бўляпти. Ўйлашимча, тез кунлар ичида, бугун ёки эртага ижозат оламиз ва уларни Жибек Жолидан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳригача етказиб қўямиз”, — деди Ибодзода.

Карантин бошланганидан бери божхона постларида одамлар тўпланиш ҳолатлари тез-тез пайдо бўлиб турибди. Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги чегараларда қолиб кетган фуқароларни қайтариб келиш режаси ҳақида 19 май куни эълон қилган. Ўшандан бери, расмий маълумотларга кўра, дипломатик ваколатхона икки минг нафар тожикистонликларнинг Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Ҳиндистон ва Россиядан уйларига қайтиб келишларига ёрдам берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ