Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида қарзи бор одамлар хонадонларини электр тармоғидан узиш ишлари бошланди. Энергия таъминоти компаниялари Республика коронавирусга қарши кураш комиссияси карантин қоидалари юмшатилишидан келиб чиқиб шундай қарор қабул қилганини таъкидлайди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» (ҲЭТ) компанияси 24 март куни қарздорлиги бор одамларга қўшиб барча хонадонлар карантин пайтида узлуксиз электр энергияси билан таъминланишини эълон қилганди. Кейинчалик Ўзбекистонда карантин 1 июнгача чўзилди, лекин шунга қарамасдан айрим одамлар токсиз қолдилар.
«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси маълумотларига кўра, қарздорлик кўпайиб кетмаслиги учун электрдан узиш ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳарликлар электр тармоқлари бўлимларига ҳисоб бўйича қарзларини узиш учун ёпирилиб кела бошлаганлар. Интернетда тарқалган фотосуратдан кўриниб турибдики, навбатлар пайдо бўлган. Бу ерда ижтимоий масофа тўғрисида гапирмасаям бўлади.
Бухорода ҳам хонадонларни электр тармоғидан узиш ишлари бошланган ва бу ҳақда Bukhara Info Telegram-канали хабар беради. Унга кўра, туман электр тармоқлари бўлинмалари олдида оломон пайдо бўла бошлаган. «Одамларнинг уйда ишсиз, пулсиз ўтиргани билан бировнинг иши йўқ», – дейди канал администраторлари.
Тошкентда ҳам кўпчилик хонадонлар огоҳлантиришсиз электр манбаидан узилган. Бўлади деганда қарз туфайли электр узилгани тўғрисида СМС-хабар келган. «Карантин бошланганида расман карантин даври тугамагунча свет ўчирилмаслигини айтишганди. «Ўлганни устига чиқиб тепгандек» жамоат транспорти йўқ, одамлар жазирама иссиқда пиёда боришга мажбур бўляпти. У ерда эса навбат. Бундай иссиқда музлатгичсиз қолиш хавфи бор экан, қанақа карантин ҳақида гап бўлиши мумкин», – деб ёзади «Потребитель.уз» Telegram-канали администратори. Онлайн орқали қарзини тўлаган одамлар тўловдан кейин ҳам ток беришмаганидан, электр тармоғи идорасига бориб, ҳақ эканини исботлашга тўғри келаётганидан нолийдилар.
Ижтимоий тармоқларда Мирзо-Улуғбек тумани электр трамоғи бўлимида одамларнинг тўплангани ҳақида фотосуратлар пайдо бўлди. Компаниянинг матбуот хизмати одамлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилгани туфайли вазият яхшиланганини ёзади. Энергетиклар ҳам одамлардан уйдан чиқмасдан электрон тўлов ва банк мобил иловалари орқали тўлов ўтказишни маслаҳат берадилар.
Матбуот хизмати хабарида «электр энергияси бўйича қарздорликнинг кўпаймаслиги, шунингдек карантин чоралари юмшатилган жойларда энергия тизимининг турғун ишлаши учун босқичма-босқич қарздорларни тармоқдан узиш ишлари бошланди», деб ёзади. Бироқ, Тошкент эпидемиологик вазият бўйича сариқ зонада, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари эса қизил зонада туради. Бу шаҳарларда карантин чораларининг юмшатилиши кўзда тутилмаган.