Республика махсус комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқади ҳамда карантин чораларини кучайтиради. Республика президенти Шавкат Мирзиёев бу ишни бир кун муддатда бажаришга топшириқ берди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Президентга кўра, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқаролар карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилмоқдалар. Кўпчилик кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмай қўйдилар, ижтимоий масофага риоя қилмаяптилар, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Кейинги 10 кунда инфекция юқтириб олиш ҳаолатларида ўсиш қайд этилган: Навоий вилоятида 57 киши, Самарқандда – 73, Тошкент ва Тошкент вилоятида 114 киши коронавирус юқтириб олдилар. Қизил ҳудудда 40 та, сариқда – 45 шаҳар ва туманлар қолмоқда. Бундай салбий ҳолатлар, — дейди Мирзиёев, — касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келаётган давлатлар ҳамда қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг оғирлигини ҳисобга олиб, хотиржамликка берилиш мумкин эмас. “Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган”, — деди Мирзиёев. Шу билан бирга, кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин республика фуқаролари чегара постлари орқали ватанига кириб келиши кутиляпти.Жами 100 мингдан ортиқ фуқаро ватанга қайтиш истагини билдирган.
Шу билан бирга, Мирзиёев карантин чоралари юмшатилишининг ижобий жиҳатларини қайд этиб ўтди. Мисол учун, 19 мингдан зиёд (91 фоиз) саноат, 9 мингта (76 фоиз) қурилиш, 51 мингта (52 фоиз) хизмат кўрсатиш, 45 мингта (44 фоиз) савдо корхоналарининг фаолияти тикланди. Бунинг натижасида май ойида солиқ ва божхона тушумлари ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 230 миллиард сўмга, товар-хом ашё биржасида қурилиш материаллари савдоси ҳажми эса 20 фоизга кўпайди.
Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши муносабати билан карантин 16 мартдан бошлаб эълон қилинган, бундан бир кун олдин мамлакатда COVID-19 инфекцияси юқтириб олинишининг биринчи ҳолати аниқланган эди. Мамлакат чегараларини ёпиб қўйди, таълим муассасалари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари, қаҳвахона ва ресторанлар фаолияти тўхтатиб қўйилди, масжидларда жамоат намозларининг ўқилишига тақиқ қўйилди.
Республикада 8 май кунидан бошлаб эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни учта тоифага ажратдилар. Кейинроқ расмийлар қизил, сариқ ва яшил тоифага киритилган туман ва шаҳарларнинг рўйхатини эълон қилдилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда жами 3290 та COVID-19 инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилган, соғайганлар – 2636 нафар ва ўлганлар – 14 та.