Андижон вилоятининг Избоскан тумани ҳокимияти 25 май куни кечки пайт «соғлиқ учун беш минг қадам» марафонини уюштирган. Унда юзлаб одамлар иштирок этган. Акция ушбу туманда бундан икки кун олдин коронавирусга чалинган одам аниқланишига қарамасдан ўтказилган.
Туман санитария -эпидемиологик осойишталик маркази маълумотига кўра, 23 май куни битта беморда COVID-19 аниқланган. Вирусга чалинган одам билан мулоқотда бўлган 51 нафар одам ва унинг оила аъзолари карантин назоратига олинган. Бемор билан гаплашган 26 та одамдан инфекцияга оид анализ олинган.
Шундай вазиятга қарамасдан, Избоскан туман ҳокимияти марафон ўтказишга қарор қилган. «Ўзбекистон 24» телеканали ушбу тадбирдан репортаж берган ва марафонда ёшлар қатори қатнашаётган коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори бўлган кекса одамлар ва ногиронларни кўрсатган. Кўрсатувда одамларнинг ижтимоий масофани сақламагани, айрим одамлар ниқобсиз юргани кўзга яққол ташланади.
Туман ҳокимияти матбуот марказининг хабарига кўра, ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари учун хар куни кечки юришни ташкил этиш бўйича берган топшириғи юзасидан ташкил этилган.
Бундай марафон 25 май куни вилоятнинг Хонобод шаҳрида ҳам ўтказилган. Тадбирнинг видеоҳисоботи маҳаллий маъмуриятнинг YouTube каналига жойлаштирилган.
11 май куни Ўзбекистондаги шаҳар ва туманларнинг карантин даражасига қараб синфланиши рўйхати эълон қилинди. Унда Избоскан тумани ва Хонобод шаҳри яшил зонага, яъни COVID-19 дан холи ҳудудга киритилган. Шунингдек, ушбу хабарда бирор шаҳар ёки туманда коронавирус инфекцияси аниқланадиган бўлса, ушбу ҳудуд «қизил» зонага киритилиши айтиб ўтилган.
Ўзбекистонда коронавирус илк аниқлангандан кейин эртаси кун 16 мартда карантин эълон қилинди. 26 май эрталбки ҳолатга кўра, республикада коронавирусга чалинганлар 3261 нафар одамни ташкил этган, ўтган вақт давомида 2607 бемор ушбу инфекциядан мутлоқ тузалиб кетган, 13 та одам ўлган.