Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ёшлар технопарклари пайдо бўлади

Андижондаги технопарк. President.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида ёшларнинг “стартап” лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этишга кўмак берадиган Ёшлар технопарклари ташкил этилади. Бу республика ҳукуматининг Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтида чоп этилган қарорида кўзда тутилган.

Бу каби технопаркларнинг вазифаси — ҳудудларда Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва ҳудудлардаги Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари билан ҳамкорликда ёшларни интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини оширишдан иборат. Компаниялар ва тадбиркорлик субъектларига тегишлича “Яшнобод” ва “Хоразм” инновацион технопаркларида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг резиденти мақомини олишлари мумкин.

Технопарклар иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малака оширишларига, грант танловлари учун иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни саралаш ишида кўмаклашиши лозим. Тахмин қилинишича, уларнинг ёрдамида истеъдодли ва иқтидорли ёшлар ўзларининг интеллектуал салоҳиятини намоён этиши ҳамда уни илмий изланишларга ва инновацион фаолиятга жалб этиши мумкин бўлади.

Ёшлар технопарклари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич ташкил этилади.

Технопаркларда етакчи компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ва мастер-классларни, шунингдек, ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида илмий-техник конференция, семинар, ўқув курслари ва тренинглар ташкил этилади.

Технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислиги ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади. Уларнинг фаолияти хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари, Инновацион ривожланиш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.