Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш бир йилга узайтирилди

Autostrada.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномага мажбурий алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди (илгари 2020 йил 31 декабрь эди). Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди, дея маълум қилади Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, шунингдек, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (илгари 2021 йил 1 январь эди).

Яна битта ўзгартиришга кўра, автомототранспорт воситасини 12 ой мобайнида бошқарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этган ҳайдовчилар учун гувоҳномалар имтиҳон синовларини ўтказмаган ҳолда берилиши кўзда тутилган. Бу каби ҳужжатлар қаторига транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ҳам қўшилди.

Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларни янгиларига алмаштириш бўйича кампания 2017 йилда бошланган. Янги намунадаги гувоҳномани олиш учун фуқаролар ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг бўлинмаларига ёки давлат хизматлари марказларига эски намунадаги гувоҳномасини, техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонни, техпаспорт ва энг кам иш ҳақининг 70% миқдорида (142 минг сўм ёки 17 АҚШ доллари) давлат божини тўлаганини тасдиқловчи квитанцияни топширишлари зарур. Олдинроқ 2021 йил 1 январга қадар фуқаролардан тиббиёт маълумотномаси ва ҳайдовчилик имтиҳон варақасини тақдим этишлари талаб қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Янги намунадаги гувоҳнома хорижий мамлакатларда фойдаланиладиган ID-карталар билан бир хил кўринишга эга. Улар пластикдан тайёрланади ва унда мосламалар ўртасида контактсиз маълумот алмашиш имкониятини берувчи жисмоний шахснинг персонал идентификациявий рақами ҳамда махсус электрон белгиси (NFC Смарт-карт) жойлаштирилган. Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари амал қилишни бошлаши билан жарима талонлари бекор қилинади. Уларнинг ўрнига ҳар бир ҳайдовчининг қоидабузарликлари киритиладиган маълумотларнинг электрон базаси яратилади. Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг амал қилиш муддати берилган санадан бошлаб 10 йилга тенг.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ