Наманганда коронавирусга чалинишнинг янги ҳолатлари аниқланди

Yhxbb.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг янги ҳолатлари бўйича тузилган рўйхатга бир ҳафталик танаффусдан сўнг Наманган вилояти қўшилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-каналида ёзилишича, бу ерда янги касаллар аниқланган ва вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 254 нафарга етган.

Тошкент шаҳрида 24 та ҳолат, Навоий вилоятида 16, Самарқанд вилоятида янги саккизта ҳолат қайд этилган. Республика бўйича жами бир кунда 49 та коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган.

Улардан 36 ҳолатда вирусга чалинган одам карантин зонасида бўлмаган, деб ёзади Podrobno.Uz нашри. Коронавирус аниқланган бешта одам хориждан келган, 8 нафари карантин зонасида бўлган.

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков брифингда ўзбекистонликларни карантин чоралари кескинлаши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Ўзбекистонда карантин чоралари давом этмоқда. Уларни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Атрофимизда коронавирус инфекциясига чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бермайди. Афсуски, кейинги пайтларда аҳоли ўртасида, яъни карантинда бўлмаганлар орасида коронавирус билан касалланганлар аниқланмоқда. Шунинг учун сиз карантин ва чеклов чоралари даврида талаб этилаётган барча қоидаларга риоя қилишингиз шарт», — дейди Отабеков.

У карантин чоралари ва чекловларга бўйсунмаган ҳолатда вазият кескинлашиши мумкинлигини айтади. «Қатъий чоралар қўлланилиб, карантин ва чеклов тадбирларининг кучайиши туфайли барчангиз уйда қолишларингиз мумкин. Эҳтиёт бўлинг», – дейди бош инспектор.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 44 минг одам карантинда сақланмоқда, улардан 18 мингдан ортиғи стационар шароитида.

8 майдан бошлаб президент топшириғига биноан Коронавирусга қарши кураш республика махсус комиссияси Ўзбекистонни учта эпидемиологик зонага бўлиб чиқди, 11 майдан мамлакатнинг барча шаҳар ва туманлари «яшил», «сариқ», «қизил» рангларга бўлинди. Коронавируснинг янги ҳолатлари аниқланишига қараб ранглар ўзгариб бориши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ