Сув тошқинидан жабрланган сирдарёлик пенсионерлар саноторияларга юборилади

Зироат ва Саида Мирзиёевалар сирдарёликлар билан учрашувда . @SShMirziyoyeva телеграм канали фотосурати

Сардоба сув омбори тошқинидан азият чеккан Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари пенсионерлари сиҳатгоҳ ва дам олиш зоналарида ҳордиқ олиш имкониятига эга бўлдилар. Бу ҳақда ижтимоий лойиҳа бўлмиш – Zamin жамоат жамғармаси хабар беради. Акция Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда ўтказилади.

Ёши олтмишдан ошган 11 та маҳалла пенсионерлари Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида жойлашган саломатлик -профилактика муассасаларига юборилади, 7 дан 14 ёшгача бўлган болалар ёзги оромгоҳларда бепул дам оладилар. Яқин кунларда таклифнома-сертификатлар ўз эгаларига топширилади.

Zamin жамғармасини бошқараётган республика президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева қизи Саида Мирзиёева билан 21 май куни сув тошқинидан жабрланган одамлар билан учрашди ва мазкур акция борасида гапириб берди.

Апрель ойида Zamin жамғармаси коронавирус пандемияси туфайли қийин аҳволга тушиб қолган аёллар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратганди. Республиканинг барча вилоятларидан 5 мингта аёл ёрдам олди ва бунинг учун 5 млрд сўм ($500 мингга яқин) йўналтирилди.

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг участкаси 1 май куни эрта тонгда ўпирилиб кетди. Натижада 50 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган, олтита одам ўлган, бир киши бедарак йўқолган. Сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси («Мансабга совуққонлик билан қараш») 1-қисми ва 258-моддаси («Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш») 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ