Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова тенгдошини таҳқирлаган икки ўсмирни жаримага солган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек маъмурий судининг қарорини танқид қилди. Жазо қилмишига яраша бўлмади, дея билдирди болалар омбудсмени ЎзА ахборот агентлигига берган интервьюсида.
“Ақли заиф болани тиз чўктириб, уни таҳқирлаган икки нафар ўсмирга берилган жазо мени ҳайрон қолдирди, — дейди Алия Юнусова. — Бундай ҳолатларда аслида жазо инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлиги учун белгиланиши керак эди”.
Омбудсменга кўра, суд қонунбузарлик қилган ўсмирларнинг асосий қилмиши бир четда қолиб, улар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг иккита моддалари билан жазоланган. Бошқача айтганда, қўпол қилмиш карантин билан хаспўшланган.
“Ваҳоланки, бунга йўл қўйиш мумкин эмас. Қилмиш учун етарли жазо берилмаслиги ушбу ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади, — дея таъкидлади омбудсмен. – Ҳали вояга етмай туриб шафқатсизлик қилишга жазм этган, бировнинг изза бўлишидан ҳузурланган болалар қандай муҳитда катта бўлгани кишини ўйлантиради. Чунки меҳр кўриб ўсган, тўғри тарбия олган бола бундай ишларни қилишга ҳеч қачон ботинмайди”.
Бир қарашда бизда бола ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ муносабатлар тўлақонли тартибга солингандек, — дейди А.Юнусова. — Аммо инсон ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқлари соҳаси шундай тизимки, давр ва вақт ўтган сари янги-янги ўзгаришлар, қўшимчалар киритилмаса, ҳуқуқни рўёбга чиқаришда муаммолар юзага келаверади.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда боланинг камситилишига йўл қўймаслик, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш каби чоралар белгиланган. Шу билан бирга, давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўриши шарт. “Шу нуқтаи назардан бола ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кучайтириш билан бирга, бу ҳуқуқларни болаларга, ота-оналарга ҳам чуқурроқ тушунтириш зарурати бор”, — дея хулоса қилди Алия Юнусова.
Ўсмирлар тиз чўккан тенгдошини таҳқирлаганликлари, шу жумладан уни қўли ва оёқлари билан ураётгани тасвирга туширилган видео апрель ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган. Белгиланган суд-тиббий экспертиза давомида А.Ш.да тан шикастлари аниқланмади. Шу сабабли жиноий иш қўзғатилмади.
Ривожланишида камчилиги бўлган тенгдошини таҳқирлаган икки тошкентлик ўспириннинг ҳар бири майда безорилик ҳамда карантин даврида тиббий ниқоблари бўлмагани учун Мирзо-Улуғбек тумани маъмурий суди томонидан 1,1 миллион сўмдан (110 АҚШ доллари атрофида) жаримага тортилди.