ФВВ Сирдарёда жабрланган одамларга тегишли буюмларнинг ёқиб юборилишига изоҳ берди

Ўзбекистон ФВВ телеграм-каналидан фотосурат

Сирдарё вилоятининг сув босган ҳудудларидаги одамларнинг буюмлари, яроқсиз ашёлари йиғилиб ёқиб юборилмоқда. Чунки улар қайта фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган ва санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди, дея хабар берилади Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Telegram-каналида.

ФВВ ҳозирда тошқин ҳудудлари сувдан ҳоли этилиб, қуруқ ва қулай ҳолатга келтирилгани, бу ерда иккиламчи тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилади. Жумладан, оқим вақтида зарар етган ашёлар, уй хўжалиги буюмларини йиғиш, уларни ҳудуддан олиб чиқиш ва йўқотиш тадбирлари олиб борилмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари ижтимоий тармоқларда чоп этилган суратлардан сўнг маҳаллий ҳокимият кераксиз инсонпарварлик ёрдамларини бартараф этмоқда, деб хабар тарқатган.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Сирдарёга келтирилган инсонпарварлик ёрдамининг қаровсиз сочилиб ётгани суратлари чоп этилганди. Вилоят ҳокимияти вакиллари ушбу буюмларни саралаш пайтида ёмғир ёққани учун улар ташқарида қолиб кетганига аниқлик киритдилар.

ФВВ хабарига кўра, ҳозирда сув босган 25 та аҳоли пунктидан 13 таси тозаланган. Тозалаш ишлари натижасида 1,3 мингта биометрик паспорт тикланган. Бу ҳудудда экин ишлари бошланган, бугунга келиб 100 гектар ерга экин экилган. Электр манбаини узайтиш ишлари ҳам тикланган, жумладан 97 та трансформатор пунктларида таъмирлаш ишлари якунланган. Аҳолини газ билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда, бу мақсадда минг дона газ баллонлари, икки юзта газ плиталари келтирилган. Шунингдек, алоқа ва интернет тикланмоқда, бунга 44 та мобил алоқа станциялари жалб этилган.

Сардоба сув омборидаги тўғон 1 май куни ўпирилиб кетган. Натижада 90 мингта одам хавфсиз жойларга кўчирилган. Олтмишта одам турли тана жароҳати билан касалхоналарга ётқизилган, олти нафар одам ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган. Сув тошқини оқибатида 2,5 мингта хусусий ва 76 та кўпқаватли уйлар шикастланган. 1700 та хонадон ва 52 та кўпқаватли уй қисман зарар кўрган. Сардобада сув тошқинидан қўшни Қозоғистонда 845 та уй, тўртта тиббий муассаса, учта мактаб, бешта болалар боғчаси ва битта маданият уйи биноси яроқсиз ҳолга келиб қолган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ