Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилинади

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон расмийлари сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгаларини даромад солиғидан озод қилишга қарор қилдилар. Бу ҳақда 19 май куни республика президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида ўтган йиғилишда эълон қилинди. Йиғилишда, шунингдек бу тоифадаги касб эгалари учун муносиб шароитлар яратиш масаласи муҳокама қилинди.

Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатаётган ёки якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай улар учун ишларини бажараётган одамлар телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилишлари кифоя бўлади.

Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган касб эгаларига меҳнат стажи ҳисобини юритиш ва имтиёзлар олиш имкониятини берувчи вақтли гувоҳномалар тақдим этила бошланди, бироқ ҳукумат бу чора натижа бермаганини тан олди.

Ўзини ўзи банд қиладиган касб эгалари учун имтиёз ва преференциялар ишлаб чиқиш, шу жумладан, уларга нисбатан хабардор қилиш орқали рўйхатдан ўтиш механизмини қўллаш 2020 йил 22 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинганди. Бундан ташқари, расмийлар фрилансерларда масофадан туриб банк ҳисоб рақамини очиш ва тўловларни қабул қилишда юзага келадиган қийинчиликларни бартараф этишга киришгандилар.

Ўзини ўзи банд қилувчилар бажариши мумкин бўлган хизмат ва ишлар таркибига 85 та фаолият тури, шу жумладан, репетиторлик, фаррошлик, майда ремонт, болалар ва қарияларни парвариш қилиб туриш, автомобиль ювиш, чорвани ўтлатиш ва бошқалар киритилган. Вақти келиб рўйхатга қонуний тадбиркорлик фаолиятининг барча турларини киритиш ҳисобига кенгайтириш режалаштирилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ