Самарқанд вилояти туман касалхоналарининг бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган врачга нисбатан 34 та одамга коронавирус юқтирганлик айби билан жиноят иши очилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар қилади.
Текширувлар аниқланишича, айбдор Х.Д 20 апрелдан ўзини ёмон ҳис қилади ва уй шароитида даволанади. Унда йўтал, нафас олишнинг оғирлаши ва тана ҳароратининг 39 даражага чиқиши ҳолатлари кузатилган. «Х.Д. шифокор бўла туриб ўзини “COVID-19” инфекцияси касаллигига чалинганлигида гумон қилган бўлсада, карантин шароитида тегишли тартибда давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ўтмасдан, 2020 йил 20 апрелдан 27 апрелга қадар ўзбошимчалик билан уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаш билан шуғулланиб, санитарияга оид қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузган», — дейилади хабарда.
Оқибатда, Х.Д. у билан доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 нафар ҳамда улар орқали бошқа 23 нафар шахсларга ўта хавфли бўлган юқумли касалликни юқтириб, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар доирасини ҳамда борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириб, жами 34 нафар фуқароларнинг “COVID-19” инфекцияси билан касалланишига сабабчи бўлган.
Жиноий иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1- қисми («Санитарияга оид қонун ҳужжатлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») билан қўзғатилган. Ушбу модда бўйича айбдор кўпчилик одамларни касалликка чалинтирган тақдирда беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши, агар қоида бузилиши инсонлар ўлимига сабаб бўлса ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
8 майдан республика президенти топшириғига кўра, Коронавирусга қарши кураш махсус комиссияси Ўзбекистонни учта эпидемиологик хавфсизлик зонасига бўлиб чиқди. Самарқанд вилояти хавфнинг юқори даражасини кўрсатувчи – «қизил» зонага киритилди.Самарқанд ҳокими Бобурмирзо Облақулов 13 майдан шаҳарда карантин чекловлари кучайтирилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «айрим фуқаролар» карантин қоидаларини суиистеъмол қилиб келганлар.