Ўзбекистон олтита банкни хусусийлаштириш режасини ишлаб чиқди

«Ўсаноатқурилишбанк» биноси . Dividends.nuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ипотека-банк” АТИБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Асака” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ ва “Туронбанк” АТБдаги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА чоп этган президентнинг “2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида сўз юритилади.

Хусусийлаштириш халқаро молия институтлари кўмагида амалга оширилади. Бунда биринчи босқичда уларни институционал ўзгартириш (фаолиятини трансформация қилиш), иккинчи босқичда эса давлат акциялари пакетини сотиш назарда тутилади, дейилади ҳужжатда.

Банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмини (“лойиҳалар фабрикаси”) кенг жорий қилиш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш мақсадида “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” АЖ, “Агробанк” АТБ ва “Микрокредитбанк” АТБ устав капиталларида давлат улуши сақлаб қолинади.

Фармоннинг мақсади — молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш, банкларнинг ҳудудларга кириб боришини кенгайтириш ва барча аҳоли пунктларида бир хил турдаги хизматлар кўрсатилишини таъминлаш, ахборот хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш, шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омили таъсирини камайтириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўришдан иборат. Ҳужжатда давлатнинг юқори даражадаги аралашуви, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг паст даражаси банк секторида мавжуд системали муаммоларнинг сабаблари сифатида кўрсатилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда “Ўзсаноатқурилишбанк”, Asia Alliance Bank ва “Алоқабанк” каби учта банкдаги давлат улушини сотиш режаси ҳақида маълум қилганди. Энди рўйхатга аниқлик киритилди ва кенгайтирилди.

“Ўзсаноатқурилишбанк” акционерлик тижорат банки 1922 йилда тузилган, 1991 йилда қайта рўйхатдан ўтказилган ва ўшандан бери Ўзбекистоннинг энг йирик банклари орасида етакчи банкга айланган. Бу банк республикадаги стратегик лойиҳаларни молиялаштиради.

Республикадаги тижорат банклари орасида биринчилардан бири бўлган “Туронбанк” акционерлик тижорат банки 1990 йил 6 октябрда бўлиб ўтган конференциясида таъсис этилган. “Алоқабанк” акционерлик тижорат банки ҳукуматнинг қарори билан 1994 йилда , “Асака” АТБ эса 1995 йилда таъсис этилган.

“Қишлоқ қурилиш банк” акционерлик тижорат банки 2009 йилда “Ғаллабанк” АТБ базасида тузилган. Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири “Ипотека-банк” 2005 йилда “Заминбанк” ва “Ўзтураржойомонатбанк” банкларининг қўшилиши базасида тузилган. Республика аҳолиси ўртасида бу банк ипотека олиб бўлмайдиган банк сифатида танилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ